Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:47

Ўзбекистон Тожикистонга газни 150 доллардан сотмоқчи


“Тожикгаз” давлат унитар корхонаси Ўзбекистоннинг “Ўзтрансгаз” компанияси билан келгуси йилда Тожикистонга қарийб 1 миллиард куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.

Тошкентда ўтказилган музокаралардан қайтиб келган “Тожикгаз” раиси Фатҳиддин Муҳсиддинов сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳар минг куб метр газ учун 150 доллар сўрамоқда.

У Тошкентга сафаридан мақсад ҳам ўзбекистонлик ҳамкасблари билан табиий газ нархини кўтармаслик борасида келишиб олиш бўлгани, аммо Ўзбекистон томони бу таклифни қабул қилмаганини билдирди.

“Табиий газ нархининг бу тариқа ошиб кетиши мамлакатда жуда катта иқтисодий муаммолар келтириб чиқаради. Бироқ Ўзбекистон томони газ нархини жаҳон бозорига қараб белгилашини, чунки табиий газга эҳтиёж йил сайин ошаётганини билдирди”,- деди Фатҳиддин Муҳсиддинов.

Маълум бўлишича, томонлар фақат етказиб бериладиган газ ҳажми борасидагина келишувга эриша олган. Аммо газ нархига оид бирорта ҳужжат имзоланмаган. Томонлар нарх юзасидан музокараларни давом эттирмоқда.

Ўзбек газининг қимматлашиб бораётгани оддий тожикистонлик истеъмолчиларни ҳам ташвишга солмоқда.

“Мамлакат аҳолисининг ўртача маоши 40 сомоний ёки тахминан 10 доллардан сал ортиқроқ. Ўз-ўзидан маълумки, кишилар газ пулини тўлай олмайди. Шунинг учун иқтисодий босим остида қолган аҳолида норозилик бўлиши табиий. Газ нархини оширишга қўшнимизнинг ҳақи бор. Аммо ҳукуматимиз ўз фуқароларига ғамхўрлик қилиши ва бу масаланинг ечимини топиши шарт”,- дейди душанбелик Абдумўмин Холиқов.

Кузатувчилар ҳам ўзбек гази нархи 50 фоиз ошиши мамлакат саноат корхоналарини фалажлаб қўйиши ва бу эса саноат маҳсулотлари баҳоси 50-60 фоиз кўтарилишига сабаб бўлишини билдирмоқда.

Таҳлилчи Исмоил Талбаков сўзларига кўра, газ нархи ошиб кетиши туфайли саноат корхоналари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар таннархи ўсиши оддий аҳоли ҳаётини қийинлаштиради. Корхоналарнинг айримларида эса иш умуман тўхтаб қолиши мумкин.

И.Талбаков Ўзбекистон ўз гази нархини шундай ошириб борса, Тожикистондан ундан воз кечиб, Туркманистондан газ сотиб олиш борасида музокаралар бошлаши кераклигини таъкидлади.

Аммо “Тожикгаз” раҳбари Ф.Муҳсиддинов туркман газини импорт қилиш борасида гапиришга ҳали вақт эрта эканини маълум қилди.

2007 йилда Тожикистон Ўзбекистондан 700 миллион куб метр газнинг ҳар минг куб метрини 100 доллардан сотиб олмоқда. “Тожикгаз” етказиб берилган газ учун “Ўзтрансгаз”дан 3 миллион доллар қарздор бўлиб қолган.
XS
SM
MD
LG