Линклар

Элчига турмушга чиққан ўзбек қизи ўз ҳаётини саҳнага олиб чиқади

  • Алишер Сиддиқ

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг турмуш ўртоғи Нодира Алиева ўзининг Ўзбекистон ва Лондондаги ҳаётини саҳнага олиб чиқиш ниятида.

Ўз турмуш ўртоғи, Ислом Каримов режимининг муросасиз танқидчиси К.Мюррей туфайли матбуот назарига тушган Нодира шу тариқа ўзи ҳақдаги турли уйдирмаларга чек қўйиш ниятида.

Айни пайтда К.Мюррейнинг “Самарқанддаги қотиллик” номи билан машҳур “Ифлос дипломатия” китоби ҳам АҚШ киноиндустриясини қизиқтириб қолди. Собиқ элчи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва қийноқларни дунёга ошкор этиб, ўз китобида бу мамлакатнинг халқаро террорчиликка қарши курашда тутган роли ҳақида ёзади.

Лекин К.Мюррейнинг бугунги ҳаёти ҳақиқат учун кураш, карьера ва шахсий оила муаммолари ўртасида аросатда қолгандек.

К.Мюррей унча катта лавозим ҳисобланмайдиган элчи, унинг рафиқаси Нодира Алиева эса Тошкентдаги тунги клублардан бирида раққоса бўлганига қарамай, бу оила ҳақида ёзмаган ёки гапирмаган дунёдаги энг нуфузли оммавий ахборот воситалари қолмаган бўлса керак.

К.Мюррей ҳақида жуда кўп гапирилаётгани тушунарлидир. Ҳарқалай, у бугунги кунда ўзининг бутун ҳаётини Ўзбекистонда қийноқлар ва болалар меҳнатига қарши курашга, АҚШ ва Буюк Британиянинг Ироқдаги урушини танқид қилишга бағишлаган.

Собиқ элчининг ўзбек қизига ошиқ бўлгани ва британиялик турмуш ўртоғи билан ажрашгани матбуотнинг Нодирага қизиқишини ҳам кучайтирганди.

Ўзида актрисалик маҳоратини кашф этган 26 ёшли Нодира Ўзбекистон ва Лондондаги ҳаётини саҳнага олиб чиқаётганини айнан шу билан изоҳлайди.

“Мен шу вақтгача интервью бермагандим. Лекин мен ҳақимда жуда кўп бўҳтонлар ёзилди. Аввал сартарош дейишди, кейин фоҳишага чиқаришди”,- дейди Нодира.

Сиртдан қараганда, тунги клубда 3 ой раққоса бўлган Нодира ҳақида кўпчиликда ижобий фикр шаклланмайди. Ночор оилада туғилган Нодира ҳаётида кўп қийинчиликларни кўрди. У ҳали кичкина қизлигида отаси гиёҳвандликка ружу қўйди. Болалар оч қолар эди. Афғонистон билан чегарага яқин жойда яшаган 11 ёшли Нодирадан гиёҳвандлик моддаларини ташишда ҳам фойдаланилган. 15 ёшида у ўз жонига қасд қилишга уринади. Улғайибгина ҳаёти бир қадар изига тушгандан сўнг у Тошкентдаги Жаҳон тиллари университетини тамомлаб, ўқитувчилик қилганини айтади.

“Ўқитувчилик қилиб оз пул олардим. Тошкентдаги квартира ижарасини ҳам тўлай олмай қолдик. Шунинг учун тунги клубда раққоса бўлиб ишлашга мажбур бўлдим”, – дейди у.

Элчи К.Мюррей Нодирани 2002 йилда айнан Тошкентдаги ўша тунги клубда учратди.

“Унинг кўзлари менга ёрдам беринг, дерди”,- дейди кейинчалик бу учрашувни ўз китобида таърифлаган К.Мюррей.

К.Мюррей АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматларини қийноқларга йўл қўйган И.Каримов режимини қўллаб-қувватлаганликда айблаганидан сўнг 2004 йилга келиб дипломатик хизматдан четлаштирилганди. Уч йилдан буён ишсиз қолаётган хақиқатпараст дипломат Лондондаги бир хонали квартирада яшаб келмоқда.

“Крейгнинг хотини бўлиш жуда оғир. Ҳақиқатпараст бўлгани учун уни яна ишкал чиқармасин, деб ишга олишга қўрқишади. У эса одамларга ёрдам бераётганига ишонади. Мен учун у барибир қаҳрамон бўлиб қолади”,– дейди Нодира.

Ҳақиқат учун ўз карьерасини қурбон қилган К.Мюррей Ўзбекистондаги жафокашлар учун ҳақиқий қаҳрамонга айлангани рост. 2004 йилда унинг истеъфосига қарши чиққан намойишчилар Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси қаршисида “Мюррей, биз сени севамиз” шиорини кўтариб чиққан эди.

Крейг Мюррей ўзининг Тошкентдаги кескин сиёсий ва мунозарали шахсий ҳаёти ҳақида ёзган китоби АҚШ киноиндустриясини қизиқтириб қолгани ҳам ажабланарли эмас. Бу ҳақдаги фильмнинг қачон дунё юзини кўриши маълум эмас. Нодира эса ўзи ҳақидаги спектаклда келаси йилдан Лондондаги “Аркола” театрида ўйнай бошлайди.
XS
SM
MD
LG