Линклар

logo-print

Ва ниҳоят қирол ўғиллик бўлди

  • Алишер Сиддиқ

Россия президенти Владимир Путиннинг ўз меросхўрини эълон қилишини гўё қиролнинг ниҳоят ўғилли бўлиб қолганига қиёслаш мумкин. Энди Россиянинг бутун сиёсий элитаси янги туғилган шаҳзодага мойиллигини билдиришга шошилмоқда.

В.Путин ўзининг вориси этиб танлаган Дмитрий Медведев номзодини гўёки барчани қониқтиргандек тақдим этишга уринди.

Гўё кремлпараст 4 партия номзоди сифатида тақдим этилган Д.Медведовни қўллаб-қувватлаган В.Путиннинг бу қадами ҳатто унга мойил айрим сиёсатчиларни ҳам ноқулай вазиятга қўйди. Масалан, 2 декабрь куни Давлат думасига бўлиб ўтган сайловдан сўнг Санкт-Петербург ҳокими Валентина Матвиенко “Ягона Россия” партияси ўз номзодини саҳна ортидаги музокараларда эмас, балки очиқ жараёнда тақдим этишини айтган эди.

Номзодни ёпиқ анжуманда аниқлаш жараёнини коммунистлар “шарада”, деб баҳолади. Коммунистлар етакчиларидан бири Иван Мельников “очиқ қурултой ўтказмай, яширинча маслаҳат мажлисида номзодни танлаган “Ягона Россия” қанақа партия бўлди”,- дея ҳайратланди.

Лекин Кремлга мойил расмийлар бу жараённи Россиянинг ўзига хос, ўзига мос демократияси томон навбатдаги қадам ўлароқ изоҳлади.

“Адолатли Россия” партияси вакили Александр Бабкин бўлаётган жараёнларни “Россиянинг сиёсий улғайиши” сифатида таърифлади.

“Барчамизнинг дастурларимиз ҳар хил бўлгани билан ҳозир умумий қарор чиқариш имкониятига эга бўлдик”, – деди у.

В.Путинга миллий етакчи ёки мамлакатнинг олий раҳбари мақомини бериш кампанияси ҳам давом этмоқда. В.Путин атрофида кучайиб бораётган шахсга сиғиниш Россия сиёсий тизимининг улғайиб бораётгани ҳақидаги гапларни пучга чиқаради.

Вориснинг аниқ бўлиши ҳам Россиядаги таҳликали ва бошқариладиган ўтиш даври якунига етганини англатмайди. Энг хавфли давр аслида энди бошланди.

Тўғри, кўпгина партиялар Д.Медведев номзодини қўллаб-қувватлади. Бироқ бу партияларнинг ҳеч қайсиси, ҳатто қудратли “Ягона Россия” ҳам В.Путин ҳокимияти даврида мамлакат сиёсий ҳаётида бирор аҳамият касб этгани йўқ.

Бугунги кунда В.Путин ва унга яқин “чекистлар”гина мамлакат сиёсатини бошқармоқда. Шунинг учун Д.Медведев ҳали жиддийроқ қарама-қаршиликка дуч келса, уни қандай қилиб енгиши мавҳум қолмоқда.
XS
SM
MD
LG