Линклар

logo-print

Уч ўзбекнинг жасади денгизда қолди

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:7nyLMy-snbvWWM:http://www.videodive.ru/diving/imag/egsea7.jpg Алмисоқдан қолган қайиқда Туркиядан фаровон Европага етиб олиш илинжига бўлган ўзбекистонлик олти қочқиндан уч нафари Ўртаер денгизида чўкиб кетди, қолгани эса қутқариб қолинди.

Маълум бўлишича, ўзбек қочқинлари тушган қайиқ Ўртаер денгизининг Туркияга қарашли Ғозипошша ва Анамур шаҳарлари оралиғида ағдарилиб кетган.

“Биз Ўзбекистоннинг уч фуқароси денгизга ғарқ бўлганини фақат тахмин қилишимиз мумкин. Чунки ҳали уларнинг жасади топилгани йўқ”,- деди “Озодлик” билан суҳбатда Ғозипошшо полицияси вакили.

Унинг айтишича, қўлбола қайиқда денгизга чиққан ўзбек қочқинлари Европа Иттифоқи аъзоси бўлмиш Кипрга етиб олмоқчи бўлган.

Ўзбекистоннинг Туркияда яшаётган фуқароси Пирмуҳаммад “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Европа орзусида йўлга чиққан юртдошлари ҳақида маълумот берди.

“Қутқариб қолинганлар 34 ёшли Нуриддин Бозоров, бухоролик 46 ёшли Соли Абдиев ва 42 ёшли Шукурхон Зариповдир. Чўкиб кетганлар эса 53 ёшли Тўрахон Каримов, 34 ёшли Баҳодир Саъдиев ва Раншаҳ исмли 20 ёшли йигитдир. Менимча, бу исм хато бўлса керак”,- деди Пирмуҳаммад.

У ўзбекларнинг денгизга ғарқ бўлгани 2 кундан буён Туркия матбуоти эътиборидан четда қолмаётганини билдирди.

Воқеа жойига яқин бўлган Измир шаҳрида яшаётган ўзбекистонлик журналист Бахтиёр Шоҳназаров эса юртдошларининг ғарқ бўлгани ҳодисасини янада аниқроқ ҳикоя қилди.

“Ўзбекистонлик олти кимса 26 ёшли Эрсин Қисажиқнинг қайиғини Шимолий Кипрга бориш учун ёллаган. Бир ярим соат йўл юргандан сўнг олти метрли қайиқ Ғозипошша ва Анамур шаҳарлари ўртасида ағдарилган.
Қайиқ эгасини ва уч ўзбекистонликни маҳаллий балиқчилар қутқариб олган. Эрсин Қисажиқ оғир аҳволда Аланиядаги давлат шифохонасига келтирилган. Тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг Ўзбекистоннинг тирик қолган фуқаролари Ғозипошша шаҳри полициясига олиб кетилган”,- деди Б.Шоҳназаров.

Унинг таъкидлашича, шу йил августда Туркия Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартибини бекор қилганидан сўнг ўзбеклар бу мамлакатдан Европага ўтиб олишда фойдаланмоқда.

Ҳалокатдан қутқариб қолинган уч ўзбекистонлик ўз юртига депортация қилиниши ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистонинг Анқарадаги элчихонаси эса бу воқеани изоҳлашни истамади.
XS
SM
MD
LG