Линклар

logo-print

Россия муҳим шартномадаги иштирокини тўхтатди

  • Ҳасанжон

Россия Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномадаги иштирокини тўхтатди. Россия Европа хафсизлиги учун муҳим бўлган бу ҳужжатдан чиқиши тўғрисида апрель ойида огоҳлантирган эди.

Россия ҳукуматининг қарори 12 декабрь куни кучга кирди.

“Совуқ уруш даврида имзоланган бу келишув ҳозир Европада юзага келган воқеликка мос эмас ва бизнинг хавфсизлик талабларимизга жавоб бермайди”, – дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Президент Владимир Путин 26 апрель куни Россия халқига мурожаатида мамлакат Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномадаги иштирокини тўхтатиши мумкинлигини билдирган эди.

“Ҳамкорларимиз қуролларни қисқартириш ишларига сўзда эмас, балки амалда ўз ҳиссасини қўшадиган вақт келди. Аксинча, улар ўз қуроллари сонини кўпайтиряпти. Улар ҳеч бўлмаса, Европада қуроллар сонини қисқартиришга ҳисса қўшиши керак. Мен бу масала НАТО кенгаши муҳокамасига қўйилишини, агар бу ишда олдинга силжиш бўлмаса, Россиянинг келишувдаги иштирокини тўхтатиш масаласи кун тартибига чиқарилишини таклиф қиламан”, – деган эди Россия раҳбари.

Европада оддий қуролли кучлар ҳақидаги келишувга эришиш учун НАТО ва Варшава шартномасига аъзо давлатлар 10 йил мобайнида музокара олиб борган. Ниҳоят имзоланган шартнома 1992 йилда кучга кирган. Бу битим Атлантика океанидан Урал тоғигача бўлган ҳудудга жойлаштириладиган қуроллар сонини чеклашни назарда тутади. Шу боис, иккала блок вакиллари шу ҳудуддаги ҳар қандай ҳарбий қисмни ўзлари хоҳлаган пайтда кутилмаганда бориб текшириш ҳуқуқига эга эди.

Варшава шартномаси блоки тарқаб кетгандан сўнг воқелик инобатга олиниб, келишувнинг янгиланган шакли 1999 йилда Истанбулда имзоланганди. Бу келишувни Россиядан ташқари собиқ иттифоқнинг уч республикаси - Украина, Беларус ва Қозоғистон имзолаган.

Бироқ НАТО аъзолари Россия Молдова ва Грузиядан ўз қўшинларини олиб чиқиш ҳақида Истанбулда берган ваъдасини бажармагунча, шартномани ратификация қилмаслигини айтган.

Россияда чиқадиган “Новая газета” ҳарбий таҳлилчиси Павель Фелгенгавер томонлар ўртасидаги тортишувнинг асосий сабаби Россиянинг Истанбулда берган ваъдаси эканини таъкидлади.

“Асосий нозик масала Молдова бўлиб қолмоқда. Россия ўз қўшинларини Днестрбўйидан олиб чиқишни қатъиян рад этаётир. Президент Путин ва Россиянинг бошқа расмийлари Ғарб давлатлари Россияга бундай чеклов жорий қилиш ҳуқуқига эга эмас, деган фикрда”, - дейди россиялик мустақил таҳлилчи.

Вашингтон расмийлари Россиянинг шартномадаги иштирокини тўхтатиш қарорини “нотўғри”, дея баҳолади.

АҚШ давлат котибининг Евроосиё масалалари бўйича ўринбосари Даниэл Фред Москва қарорини “афсусланарли”, деб атаб, бу ҳеч кимнинг хавфсизлик манфаатига хизмат қилмаслигини билдирди.

Россия парламентининг юқори палатаси бўлган Федерация кенгаши Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномада иштирокни тўхтатиш ҳақидаги қонун лойиҳасини 16 ноябрь куни бир овоздан тасдиқлаган эди. Шундан кейин ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Рейтер” ахборот агентлигига берган интервьюсида Россия Европа қитъасида стратегик ва ҳарбий барқарорлик ҳамда сиёсий
мувозанатни қайта тиклаши кераклигини маълум қилганди.

“Биз Европада қуролларни чеклаш, қуролларни назорат қилиш соҳасида тартиб ўрнатишга имконият яратувчи реакцияни кутяпмиз. Буни фақат Европада оддий қуролли кучлар ҳақидаги шартномага тузатишлар киритиш ва умуман аллақачон эскириб қолган тартибни замонавийлаштириш орқали амалга ошириш мумкин”, – деганди С.Лавров.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Россия ҳукуматини Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномага мораторий жорий қилиш қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди. Ташкилот Россиянинг бу қарори Европа хавфсизлигига таҳдид бўлиши мумкинлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG