Линклар

logo-print

Тожикистонда коррупцияга қарши коалиция тузилади

  • Гулнора Равшан

Душанбеда хорижлик меҳмонлар, ҳукумат идоралари ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирокида Тожикистонда коррупцияга қарши кураш мавзуида халқаро анжуман ўтказилди.

Анжуман иштирокчилари мамлакатда коррупцияга қарши кураш самарали бўлиши учун давлат идоралари ва нодавлат ташкилотларнинг ўзаро яқин ҳамкорлиги зарур, деган хулосага келди.

“Агар биз давлат идоралари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида коалиция тузмасак, порахўрликка қарши курашиб бўлмайди”,- деди Тожикистон Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги вакили Акбар Абдулло.

Анжуманда Европа, жумладан, Болтиқбўйи давлатларининг коррупцияга қарши кураш идоралари вакиллари ҳам иштирок этди.

Литва вакили Янда Петревич матбуот ва сўз эркинлиги ҳамда давлат идораларида шаффофлик таъминланмас экан, жамиятда коррупцияга қарши курашиб бўлмаслигини таъкидлади.

“Бизда коррупцияга қарши кураш дастурларида жамоатчилик вакиллари билан бир қаторда матбуот ходимлари, журналистлар ҳам фаол қатнашади. Журналистлар ошкор этган фактлар ишимизга жуда катта ёрдам беради”,- деди Янда Петревич.

Таҳлилчилар ҳукумат томонидан матбуоти бўғиб қўйилган, аҳолисининг аксар қисми қашшоқ ва коррупцияга қарши курашувчилар идоралар фаолияти очиқ бўлмаган Тожикистонда бу иллатга қарши курашиш мақсадида тузиладиган коалиция ҳам муваффақиятли ишлай олмаслигини билдирмоқда.

Бундан бир ярим йил илгари Тожикистонда Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги ташкил этилган эди. Яқинда мазкур идоранинг тўрт ходими порахўрлик айби билан қўлга олингани хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG