Линклар

logo-print

Грузиядаги сайловолди кампанияси якуний босқичга кирди

  • Ҳасанжон

Грузияда 5 январга белгиланган президент сайловига тайёргарлик якуний босқичга кирди. Марказий сайлов комиссияси президентликка даъвогарлик қилаётган етти номзодни рўйхатга олди.

Президентликка даъвогарларнинг якуний рўйхатида биринчи ўринни амалдаги президент Михаил Саакашвили эгаллаган. Кейинги ўринларда мухолифат коалициясининг ягона номзоди Леван Гачечиладзе, “Янги ўнгчилар” раҳбари Давид Гамкрелидзе, тадбиркор Бадри Патаркацишвили турибди. Рўйхатдаги охирги уч ўринни мухолифатдаги сўлчи “Меҳнат”, кўпчиликка яхши танилмаган “Келажак” ва россияпараст “Умил” партиялари вакиллари Шалва Натенашвили, Гиа Майсашвили ва Ирина Саришвили эгаллаган.

Аксарият кузатувчилар сайловчилар президентликка номзодлар учун эмас, балки мамлакат қайси йўлдан боришини танлаш учун овоз беради, деган фикрда.

Тбилисилик мустақил кузатувчи Тимур Иакобашвили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда буни шундай изоҳлади:

“Биз президент сайловини сўзнинг асл маъносига мос равишда ўтказаётганимиз йўқ. Овоз берувчилар номзодлар ёки дастурларни танламайди. Улар президент Михаил Саакашвили ижтимоий соҳада ислоҳотлар ўтказишига янги мандат бериш учун ёки хоҳ парламент бошқаруви ёхуд монархия кўринишидаги янгича давлат бошқаруви учун овоз беради”.

Мухолифатнинг бир неча номзоди, жумладан, Л.Гачечиладзе ҳам Грузияни президентлик бошқарувидан бошқа бошқарув тизимига ўтказишни ваъда қилган.

2004 йилги президент сайловида Михаил Саакашвили сайловчиларнинг 96 фоиз овозини олишга муваффақ бўлган эди. Аммо ўтган давр мобайнида одамларнинг норозилиги ошиб бориб, ноябрь ойида тартибсизликлар юз беришига сабаб бўлди.

Кузатувчилар фикрича, мухолифат вакиллари вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

“Саакашвилисиз Грузия” шиори билан чиққан Л.Гачечиладзе президент сайловида ғалабага эришишига ишонади.

“Миша Саакашвили режими муваффақиятга эриша олмайди. Чунки 5 январь кунги сайловда мен Грузия президенти бўламан ва Миша Саакашвили режимига узил-кесил нуқта қўяман”,- деди тарафдорлари олдида сўзга чиққан номзод.
XS
SM
MD
LG