Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:52

Танқидчилар қаторига СИВИКАС ҳам қўшилди


23 декабрга белгиланган президент сайлови арафасида бир қанча халқаро ноҳукумат ташкилотлар Ўзбекистонда қолган саноқли фуқаролик жамияти вакиллари вазиятининг янада оғирлашганидан бонг урмоқда.

Хусусан, 13 декабр куни маркази Жанубий Африканинг Йоҳаннесбург шаҳрида жойлашган СИВИКАС – Фуқаролар иштироки учун жаҳон иттифоқи “Ўзбекистон: президент сайлови арафасида танқидий овозлар бўғилмоқда” номли ҳисоботини эълон қилди.

“Ўзбекистондаги ноҳукумат ташкилотлардан бирининг раҳбари Адлия вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ҳозирланган тилхатга қўл қўйишга мажбур бўлганини билдирди. Бу хатда у сайлов кампанияси билан боғлиқ бирор йиғинга бормасдан уйда ўтириш мажбуриятини олган. Бундан ташқари, ундан хорижий кузатувчиларнинг маҳаллий ноҳукумат ташкилотлар вакиллари билан учрашувлари ҳақида хабар бериш, яъни ўз ҳамкасблари устидан чақимчилик қилиш ҳам сўралган. Бошқа ноҳукумат ташкилот фаолларининг ҳам бундай тилхатга қўл қўйишга мажбур қилингани, шубҳасиз”,- дейилади СИВИКАС баёнотида.

Жаҳоннинг юздан ошиқ мамлакатидаги фуқаролик жамиятини кучайтириш учун ишлаëтган гуруҳларни бирлаштирувчи мазкур иттифоқ дастурлари раҳбари Клэр Доуби (Clare Doube) “Озодлик” билан суҳбатда Ўзбекистонда сайловолди вазияти “даҳшатли” эканини билдирди.

“Бизнинг кузатиш ва тадқиқотларимиз Ўзбекистонда фуқаролик жамияти вазиятининг ниҳоятда қўрқинчли эканини кўрсатмоқда. Бу вазият кўпдан бизни хавотирга солиб келаëтган эди, аммо яқинлашаëтган сайлов арафасида вазият янада оғирлашди. Бугун Ўзбекистонда қолган бармоқ билан санарли ноҳукумат гуруҳлар вакиллари бир-бири билан учрашиб, ўз танқидий фикрларини очиқ гапириш имконидан маҳрум этилган”,- дейди Клэр Доуби.

Кейинги икки йил давомида Ўзбекистондаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар мамлакатдан тўлиғича ҳайдаб чиқарилгандан сўнг ичкарида қолган фуқаролик жамияти вакиллари аҳволи ночорлашди. Шунга қарамай, улар ҳозирги вазиятда ҳам яшаб қолиш ва ўз овозлари эшитилишига уринаётганини айтади Клэр Доуби.

“Улар ишлаëтган муҳит ўта оғир бўлишига қарамай, мен Ўзбекистондаги ноҳукумат ташкилотлар вакилларини имкон доирасида ўз фаолиятини давом эттиришга чақираман. Хусусан, улардан мамлакатдаги вазиятга оид ахборотни ташқи дунëга чиқаришни сўрайман, зотан бугун бу мамлакатда нималар бўлаëтганини билиш жуда қийин бўлиб бормоқда”,- деди Клэр Доуби.

Халқаро ташкилотларнинг бундай танқидий баëнотлари фонида Ўзбекистон расмийлари президент сайлови халқаро ва маҳаллий қонунларга монанд ўтаëтгани ҳақида тинимсиз гапирмоқда. Хусусан, асосий даъвогар, амалдаги президент Ислом Каримов сайловолди жараëнининг очиқ ва демократик тарзда бораëтгани ҳақида шу кунларда қайта-қайта тўхталмоқда.

Ислом Каримов ва Ўзбекистондаги бошқа расмийларнинг демократик сайлов ҳақидаги бундай баëнотларини мамлакатда қолган фуқаролик жамияти вакилларининг сайловолди тушиб қолган аянчли вазиятининг ўзиëқ инкор этиб турганини билдирди Клэр Доуби хоним.

“Агар биз очиқ демократия ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг таркибий қисмларидан бири ўзгача, танқидий фикрловчилар овозининг эшитилишига имкон беришдир. Бизнинг кузатишларимиз Ўзбекистондаги ташкилот ва шахсларнинг ўз қарашларини очиқ ва эркин ифода қилиш ҳуқуқи топталаëтганини кўрсатмоқда. Мамлакат ичида мажуд вазиятни танқид қилувчи овозларнинг қарийб бари бўғиб бўлинган”,- дейди Клэр Доуби.

Шундай бўлса-да, СИВИКАС расмийси Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролар жамияти вакилларига уларнинг жамиятдаги қонуний ўрнини бериш, ўзгача ва танқидий фикрловчилар оғзига тиқилган тиқинни олиб ташлашга чақиради. Ҳар қалай, чиқмаган жондан умид....
XS
SM
MD
LG