Линклар

“Петронас”нинг жанубга юриши

  • Ҳасанжон

Малайзиянинг давлатга қарашли “Петронас” компанияси Ўзбекистон жанубида нефть ва газ манбаларини қидириб топиш ва ўзлаштириш бўйича учта муҳим шартнома имзолади.

“Петронас” сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, ширкат Бойсун блокида фаолият юритиш ва маҳсулот бўлишишнинг асосий принциплари ҳақида, шунингдек, Сурхон блокида қидирув-разведка ишлари олиб бориш тўғрисида Ўзбекистон ҳукумати билан келишув имзолаган. “Петронас” ва “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг ширкати ўртасида ҳам англашув меморандуми имзолаган.

Бойсун ва Сурхон блокларида фаолият юритиш ҳақидаги шартномани имзолаш орқали “Петронас” Ўзбекистон энергетика соҳасига йирик сармоя ётқизаётган хорижий ширкатлардан бирига айланди. Шу пайтгача ҳам “Петронас” Орол бўйидаги лойиҳаларда 20 фоиз улушга эга эди.

Энергетика масалалари бўйича ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Дмитрий Поваров Ўзбекистон ҳукумати ва “Петронас” ўртасида имзоланган шартномалар икки томон учун фойдали эканини айтади.

“Бу келишув Ўзбекистон учун ўз табиий ресурсларни ўзлаштиришда нафақат хорижий сармояни жалб этиш, балки истеъмолчига тайёр маҳсулот таклиф қилиш, “Петронас” ширкатига эса Ўзбекистонда кўпроқ нефть-газ қазиб чиқариш имконини яратади”, – дейди Д.Поваров.

Ўзбекистонлик бошқа бир мустақил иқтисодчи фикрича, Ўзбекистон ўз табиий ресурсларини ўзлаштиришда бир мамлакат инвесторларига қарам бўлиб қолмаслик учун “Петронас” ва бошқа ширкатлар билан шартнома имзолаш орқали хорижий сармоядорларни диверсификация қилмоқда.

“Ҳозир Малайзиянинг йирик нефть компанияси ҳам Ўзбекистондаги энергия ресурсларига қизиқиши борлигини исботлаш учун мамлакат бозорига кириб боряпти. Мақсад, албатта, бозордан ўз улушини олиш ва кейинчалик Малайзия ва Жануби-шарқий Осиё давлатларига энергия ресурсларини сотишдан иборат. Бу Ўзбекистонга ўз энергия ресурсларини ўзлаштиришда ҳамкорлик қилаётган бир нечта йирик хорижий ширкатни диверсификация қилиш имконини яратади. Бунинг ижобий томонлари бор”,- дейди мустақил иқтисодчи.

Дмитрий Поваров ҳам бу иқтисодчининг фикрига қўшилади.

“Тошкент расмийлари битта давлат сармоядорларига қарам бўлиб қолмаслик учун мамлакатга бошқа жиддий ҳамкорларни ҳам жалб этиш сиёсатини юритяпти. Бу чуқур ўйланган сиёсатдир”, – дейди Д.Поваров.

Д.Поваров сўзларига кўра, Ўзбекистон ўз табиий ресурсларини ўзлаштиришга кўпроқ хорижий инвесторни жалб этиш баробарида улар орасидан ўз манфаатига кўпроқ фойда келтирувчи ширкатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда.

“Петронас” Жануби-шарқий Осиё ва дунёдаги таниқли йирик ширкатлардан биридир. Имзоланган келишув Ўзбекистонга янги сармоядор келаётганини англатади. Ҳозир Ўзбекистонда Россия, баъзан Хитой ширкатлари етакчилик қилмоқда. Корея, Малайзия ва Ҳиндистон ширкатлари ҳам Ўзбекистонга сармоя ётқизяпти. Ҳозир Ўзбекистондаги нефть-газ захираларини ўзлаштириш борасида хорижий ширкатлар ўртасида рақобат давом этяпти. Ўзбекистон ўз манфаатига хизмат қиладиган йўлни танлаяпти”, – дейди Дмитрий Поваров.
XS
SM
MD
LG