Линклар

logo-print

Яна бир ўзбек юртига экстрадиция қилиниши мумкин


Қозоғистон махфий хизматлари диний экстремистик ташкилотга аъзоликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик қочқин Маъмуржон Ҳаитбоевни ўз юртига экстрадиция қилиш арафасида.

1965 йилда туғилган М.Ҳаитбоев 10 декабрь куни Олмаота аэропортида қўлга олинган эди. Қочқин Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов изоляторида сақланаётгани ҳақида “Озодлик” мухбирига хабар берган москвалик инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономарёв Ўзбекистон махсус хизматлари М.Ҳаитбоевни 1997 йилдан бери қидираётганини билдирди.

“Илгари Маъмуржон Қўқон шаҳридаги “Турон” дўконида ишлаган. Бу дўкон хизматчилари диндор бўлиб, Ўзбекистон махфий хизматлари дўкон эгаси Қўқондаги жомеъ масжидга тез-тез бориб тургани ва унинг имоми Муҳаммад Ражаб билан яқин алоқада бўлганини даъво қилган. Юртида ҳуқуқ-тартибот ходимлари таъқибидан қочган Маъмуржон аввал Қирғизистон ва Тожикистонда яшаб, сўнг Покистонга кетишга мажбур бўлган”,- деди Виталий Пономарёв.

“Озодлик” мухбири М.Ҳаитбоевнинг Покистонга кетиш сабаблари билан қизиқди.

“Маъмуржон Ўзбекистонда “Таблиғ” диний ташкилоти уламолари қўлида сабоқ олган. Вақт ўтиб Маъмуржон диний ташкилотнинг Покистондаги мадрасасига ўқишга кирган ва у ерда 5 йил таҳсил олган. Сўнг яшаш учун Бирлашган Араб Амирликларига кетган”, - деди В.Пономарёв.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари “Таблиғ” диний оқимига экстремистик ташкилот ёрлиғини ёпиштиргани ноўриндир.

“Сиёсатга аралашмаслик “Таблиғ”нинг асосий тамойилларидан биридир. Ҳатто таблиғчиларнинг ёзма адабиётида ҳам бу ҳақда аниқ ёзилган. “Таблиғ” ўтган асрнинг 20-йилларида Ҳиндистонда ташкил топган ва унинг аъзолари Ислом бўйича умумий даъват қилиш билан машғул. Таблиғчиларнинг асосий фарзларидан бири ўз ҳисобдан ўзга юртларга 3 ёки 40 кунлик сафар қилиб, аҳоли ўртасида даъват қилиш ҳисобланади. Шу боис, бу ташкилотнинг экстремистликда айбланиши ноўрин”,- деди В.Пономарёв.

У Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Маъмуржон Ҳаитбоевнинг ушлангани юзасидан сукут сақлаётганидан хавотир билдирди.

“Агар М.Ҳаитбоев Ўзбекистонга топшириладиган бўлса, унга қийноқлар қўлланиши ёки сохта айблов бўйича узоқ йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин”,- деди Виталий Пономарёв.

Қозоғистон МХҚ эса М.Ҳаитбоев ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтиш билан чекланмоқда.

“Озодлик” мухбири М.Ҳаитбоевнинг Қўқонда яшаётган укаси Босит билан гаплашди.

Унинг айтишича, акаси “Таблиғ”га қўшилгани билан сиёсатга аралашмаган. Афғон урушида қатнашган акаси 3-гуруҳ ногирони бўлиб, жангларда жароҳат олган, бошида снаряд қолдиғи қолган. Лекин унинг ҳеч қандай жиноят содир этмаганига укасининг ишончи комил.

Босит Ҳаитбоев ўзи 2004 йилда қамоқдан озод бўлгани учун акаси ҳақда ортиқча гапира олмаслиги, ўзи ва оиласи ҳаётидан хавфсирашини билдирди. Босит Ҳаитбоев солиқ тўламаганлик айби билан қамалиб чиққан.

Инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономарёвнинг сўзларига кўра, Қўқон шаҳридаги “Турон” дўконида хизмат қилган ва Ўзбекистонни тарк эта олмаган диндорларга қалбаки, яъни вақтида солиқ тўламаганлик айби қўйилиб, уларнинг кўпчилиги озодликдан маҳрум этилган.

В.Пономарёв Босит Ҳаитбоев воқеаси Ўзбекистонда диний мотивлар бўйича таъқиб қилинаётганлар қамоққа тиқилиши учун қалбаки айблар ҳам қўйилишига далил эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG