Линклар

logo-print

Деҳқонни бойитмасликнинг янги йўли

  • Барно Анвар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:tikvwlSI3KsQyM:http://uztur.narod.ru/images/sumi.jpg Жиззахдаги банклар фермерларга нақд пул бермасликнинг янги йўлини топган кўринади. Фермерларнинг 2008 йил, яъни келгуси йили қилиши мумкин бўлган сарф-харажатлари учун 2007 йилги даромадидан ушлаб қолинмоқда.

Йил давомида банкдан нақд пул олмай ишлаган фермерлар йил охирида ҳам давлатга топширган пахтаси учун ҳисоб рақамига келиб тушган пулни ололмаётгани юзасидан арз қилиб, туман ва вилоят мутасаддиларига учраганида, “тепадан шундай буйруқ бўлган”и айтилмоқда.

Арнасой туманининг “Қозоғистон” деҳқон хўжалигида яшайдиган феремер Оязимхон Хидирова 24 гектар ташландиқ ерни пахта даласига айлантирганидан бери бу йил яхши ҳосил йиғди. 42 тонна пахта топширди.

“Бу пахта учун тўланадиган ҳақ эса 12 миллион сўм бўлди. Бундан келадиган даромад, одатдаги ўғит, ёқилғи, ишчи, теримчи каби сарф-харажатлардан ташқари, соф 2 миллион сўм бўлиши керак эди. Аммо бир йиллик даромадимни сўраб банкка борсам, ҳисоб рақамим бўм-бўш”,- дейди фермер аёл.

Унинг сўзларига кўра, расмий идоралар бу борада қилинган арзларни жавобсиз қолдирмоқда. Аммо бундай муаммоларни пора билан ҳал қилиш йўллари бор, албатта. Ён-атрофдаги фермерлар 30 фоизини порага бериш эвазига кредит қарзларини ёпди. Бошқалар яна бошқа йўлларини қилди.

“Мен эса ҳеч кимга ялинганим йўқ, Мен ўз ҳаққимни сўрадим. Лекин ҳаққингни ҳалол йўл билан ундириш имкони йўқ экан. Ҳокимликдагилар гапи гап, оддий деҳқоннинг гапи эса гап эмас. Каримов телевизорда демократия, демократия, дейди. Бу демократиясини фақат ҳокимликларга чиқарган, оддий деҳқонга келганда эса ҳеч гап йўқ экан-да”,- дея зорланади О.Хидирова.

Вилоятда фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланаётган Зиёдулла Раззоқов, айниқса, бу йил ва айниқса, шу кунларда фермерларнинг ҳаққини уларнинг рухсатисиз туман ҳокимликлари томонидан исталган миқдорда сарф қилиш ўта авж олганини айтади.

“Оязимхон Хидировага ўхшаб, 12 миллион сўмлик даромаддан ҳеч бўлмаганда, ўндан бири қўлимга тегар, дея қилган энг сўнгги умиди ҳам пучга чиққан фермерлар вилоятда кўпчилик. Деярли 70 фоиз фермер қарз билан якунлади йилни”,- дейди Зиёдулла Раззоқов.

Жиззахлик яна бир фермер Маъмуржон Азимов банклар ва ҳокимликлар мутасаддилари фермерларга ҳаттоки оз миқдордаги нақд пул беришдан ҳам қочиб юрганини билдирди.

“Шартномада аниқ қилиб ёзилган: йил якунига қадар даромаднинг 80 фоизи деҳқонга берилиши керак. Аммо вилоятда ҳали йил бошидан буён бир сўм пул олмаган деҳқон-фермерлар талай”,- деди М.Азимов.

Унинг айтишича, бунинг асл сабаби аввалги йилдагилардан ҳам абгорроқ вазиятга тушиб қолган банкларда бу йил фермерларга берадиган пулнинг ўзи йўқ. Шу боис, улар ҳатто 2008 йилнинг харажатлари учун ҳам 2007 йил ҳисобидан пул оляпмиз, деган важларни ўйлаб топишгача бориб етган.
XS
SM
MD
LG