Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:06

Ҳажга бориш учун қанча пора бериш керак?


Ҳаж мавсуми бошланган шу кунларда “Озодлик” мухбирининг айни пайтда Қозоғистонда яшаётган айрим ўзбекистонликлар билан суҳбатидан муқаддас зиёрат ҳам порахўрлик иллатидан четда қолмаётгани маълум бўлди.

Онасини ҳаж зиёратига жўнатиш ҳаракатида бўлган ўзбекистонлик бир суҳбатдошнинг айтишича, бўлажак зиёратчилар ҳажга боришнинг расмий харажатларини тўлашдан ташқари пора ҳам беришга мажбур.

“Ўзбекистонда ҳаж зиёратини ташкил этадиган идораларда порахўрлик авжига чиққан. Ҳажга борувчилар ташкилотчиларга пора сифатида камида беш юз доллар бериши керак. Бунинг устига, ҳажга бормоқчи бўлганлар расмий идораларнинг турли чиғириқларидан ҳам ўтиши лозим”,- деди суҳбатдош.

Мавзуни ўрганиш жараёнида Қозоғистонда ҳажга бориш тартиби Ўзбекистондагига қараганда анча енгил экани маълум бўлди.

Қозоғистон муфтияти ходими сўзларига кўра, Қозоғистонда ҳажга борувчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш билан диний бошқарма рухсатига эга фирмалар шуғулланади. Аммо диний бошқарма бу фирмалар ишига аралашмайди.

“Бу йил қозоғистонликларни ҳажга юбориш билан 16 та фирма шуғулланди. Агар бу фирмалар бўлажак ҳожилардан пора олгани маълум бўлса ёки улар устидан шикоят тушса, бундай фирмалар кейинги йилда ҳаж зиёратини ташкиллаштиришдан четлаштирилади”,- деди муфтият ходими.

Қозоғистон муфтияти маълумотига кўра, Саудия Арабистони рухсати билан ҳар йили Қозоғистондан 5 минг одам ҳажга бориши мумкин. Одатдагидай бу йил ҳам 5 минг фуқаро ҳаж зиёратига кетишга муваффақ бўлган.
XS
SM
MD
LG