Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:02

Косово бошқа давлатга қарам бўлишни истамайди


Косова президенти Фатмир Сейдю “Озод Европа/Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда мустақиллик эълон қилинадиган кун ҳали белгиланмагани, унга тайёргарлик жараёни имкон қадар тез фурсатда тугаши кераклигини билдирди.

Шу ҳафтада Приштинада ўтказилган тадбирда чиқиш қилган Ф.Сейдю саноқли кунлар ичида мустақиллик эълон қилишини маълум қилди. Шу билан бирга, у бу борада Ғарб давлатлари билан музокара ўтказилаётганини таъкидлади.

Косово раҳбари Белград расмийлари билан музокара ўтказиш учун БМТ томонидан белгиланган 120 кунлик муддат 10 декабрда тугагани, энди оқибати қандай бўлишидан қатъи назар, бошқа сўзлашувлар ўтказилмаслигини айтди.

“Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда Ф.Сейдю Белград ва унинг Москвадаги тарафдорлари, шунингдек, Европа Иттифоқидаги айрим давлатлар қаршилигига қарамай, Косово бошқа сўзлашув ўтказмаслигини билдирди.

“Биз бу борада бошқача қарашда бўлган давлат қўлига гаровда қола олмаймиз. Масалан, Кипрнинг греклар яшайдиган қисми Косово мустақиллигини қўллаб-қувватламайди. Менимча, бу масалани узил-кесил ҳал қиладиган вақт келди. Кипр ўзини Европадаги барча воқеалар ортидаги муҳим мотор ролини ўйнаётган давлатлардан бири каби тутяпти. Агар у ўзининг ҳозирги позициясидан воз кечмаса, бу бизга халал бермайди”, – деди Косово раҳбари.

Кипр ороли яхлитлиги масаласида турклар билан ҳозирга қадар келишувга эриша олмаган кипрлик греклар ЕИга аъзо давлатлар орасида якка ўзи Косово мустақиллигини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватламаяпти. ЕИ дипломатлари Кипр греклари ўз фикридан қайтади, деган умидда.

Косово расмийлари 2008 йилнинг дастлабки ойларида мустақиллик эълон қилинишига ишора қилган. 2006 йил бошидан бери Косово президенти вазифасини бажараётган 56 ёшли Фатмир Сейдю Косово ўз қонунлари ва бошқарув тизимини ўзгартиришга тайёр бўлганидан сўнг мустақиллик декларацияси эълон қилишини айтди.

Айни пайтда Ф.Сейдю Косово масаласи БМТ Хавфсизлик кенгашида ЕИ, АҚШ ва Россия томонидан кўриб чиқилишини кутаётганини таъкидлади.

“Ҳозир биз кўраётган барча тайёргарлик Косовонинг конституциявий ва қонунчилик тизимидаги ишларни тугатиш вазифаси билан боғлиқ. Шунингдек, бу масала халқаро ҳамжамият Косово мустақиллигини тезда ва ижобий тан олиши билан ҳам боғлиқ. Менимча, Хавфсизлик кенгашининг 19 декабрда ўтказиладиган йиғилишидан кейин воқеалар тез суръатда ривожланади”, – деди Косово президенти.

Косово мустақиллик эълон қилса, Сербия ҳукумати ўлкага қарши иқтисодий санкция эълон қилиш ва энергия таъминотини тўхтатишни режалаштирган.

Шунга қарамай, президент Фатмир Сейюд халқ иродаси ва НАТОнинг қўллаб-қувватлашига суяниб, Косово мустақиллик оқибатларига тайёр эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG