Линклар

Бундестаг депутати сиёсий маҳбуслар тақдиридан хавотирда ёки “тош ҳакка”лар ҳақида

  • Абдулла Искандар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:7bLzmOSMCXXywM:http://lh3.google.com/_Jvjx4Wyie2M/Rq2mw15vicI/AAAAAAAAEmU/KIAzeTNN54U/s800/Resize%2Bof%2BIMG_3279.jpg Ўзбекистонда бўлиши кутилаëтган президент сайлови олдидан мамлакатга келган Германия парламенти депутати Мари Луиза Бек ўзбек қамоқхоналаридаги сиëсий маҳбуслар тақдиридан хавотир билдирди.

Германиядаги Яшиллар партиясининг Бундестагдаги вакиласи Мари Луиза Бек Марказий Осиë муаммолари, жумладан, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланади.

Немис депутати Тошкентга қилган сафари чоғида Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий Мажлис вакиллари ва Омбудсман билан учрашиб, сиëсий маҳбуслар масаласини ўртага қўйди.

“Бу масалани тилга олишим билан ўзбек мулозимларининг нафаси ичига тушиб кетди,- дейди Мари Луиза Бек.- Ҳозир Ўзбекистондаги бошқарув тизими илдизи коммунистик режимга бориб тақалади. Улар жон-жаҳди билан эски режим тутумини ҳимоя қилади. Мухолифат ва ўзгача фикрловчиларни сайловга яқинлаштирмайди. Мухолифатга ола қараш баробарида диний ҳаракат вакиллари таъқиб қилинади. Ҳокимият назарида диндорлар экстремизм хамиртурушидир. Кимда-ким ҳукумат измидан ташқарида бўлса, дарҳол мухолифат фаолиятида бўлганларнинг қора рўйхатига тиркалади. Мухолифат тамғаси урилганлар шафқатсиз тазйиқларга дучор қилинади”.

Бундестаг вакиласи Тошкентга боришидан олдин ўзбек мулозимлари уни тинглаши, гаплари тегишли қулоқларга етиб боришини ўйлаб хато қилганини билдирди.

“Мен Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар ҳақида гап бошлашим ҳамоно ўзбек мулозимлари тош ҳаккаларга айланди. Бу режим мантиғига уйғун бир ҳолат. Президент сайловидан олдин барча тош ҳайкалларга айланган. Қимирлаган жон йўқ. Ҳамма оғзига талқон солгандай жим. Ўзбекистондаги ҳукумат идораларида моғор босган ва маҳдуд иерархия мавжуд. Бу поғоналашган тизим бандилари бўлган ўзбек мулозимлари юқорининг изнисиз бир қадам қўйса, оқибатини ўйлаб жим ва ҳаракатсиз туради. Айниқса, ҳозир сайлов олдидан сиëсий маҳбуслар ҳақида бирор калима гап тинглайдиган мулозим йўқ Ўзбекистонда. Шу боис, мен бу масалани сайловдан кейин яна кун тартибига қўяман. Ҳар ҳолда бу менинг Ўзбекистонга сўнгги сафарим эмас”,- деди Мари Луиза Бек.

Тошкентга сафари давомида немис депутатига Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиëсий тутқунлар билан учрашувга изн берилмади.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари билан шуғуланувчи германиялик Бернҳард Сласеннинг айтишича, Германиядаги мавжуд ҳокимиятга мухолифатда бўлган Яшиллар партияси учун Ислом Каримов режимини танқид қилиш ўнғай.

“Энг муҳими, чиройли гаплардан амалий ишга ўтиш лозим. Немис ҳукумати вакиллари иқтисодий муносабатлар ва Термиздаги немис ҳаво базаси инсон ҳуқуқлари ва сиëсий эркинликлар масаласидан муҳимроқ, деган гапларни айтмоқда. Шуни унутмаслик керакки, айнан немис ҳукумати ташабуси билан Ўзбекистонга қарши жазо санкциялари юмшатилди”,- деди Б.Сласен.

Унинг сўзларига кўра, ҳукмрон Христиан демократик партия вакиллари Тошкентга борганида ош еб, чопон кийиб келишдан нарига ўтмаяпти.

“Яшиллар партиясидан депутат Мари Луиза Бек хоним ва сўл партиядан Тобиас Флюгергина Тошкентга сафари пайтида ўзбек қамоқхоналарида азоб чекаëтган сиëсий тутқунлар масаласини тилга олди. Ўзбекистон режими танқидчилари қаторига Германиядаги ҳукмрон партиялар ҳам қўшилса, самарали бўлар эди”,- дейди Бернҳард Сласен.

Ўзбекистонда йигирмадан ортиқ сиëсий маҳбус ва ўн минглаб эътиқод тутқунлари борлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG