Линклар

Фаластинга йирик миқдорда иқтисодий кўмак кўрсатилади


Аваз Алиев Парижда тўқсонга яқин давлат вакиллари иштирокида Фаластин мухториятига иқтисодий кўмак кўрсатиш масаласига бағишланган халқаро анжуман иш бошлади.

Жаҳон банки маълумотига кўра, сўнгги ўн йил давомида Фаластинда ялпи ички маҳсулот киши бошига 40 фоиз камайган. Бунга фаластинликларнинг Исроил истилосига қарши эълон қилган уруши ва бунинг оқибатида Исроил томонидан жорий этилган санкциялар сабаб бўлган.

2000 йилдан буён томонлар муросага кела олмаётгани натижасида оддий фаластинликлар жабр кўрмоқда. Ҳудудда молия ва одамлар ҳаракатига жорий қилинган тақиқ ҳам иш имкониятларига таъсир этмай қолмади. Ишсизлик Фаластин ҳудудларида оммавий эпидемияга айланди.

Франциядаги анжуман ташкилотчилари мазкур тадбир Фаластинга иқтисодий кўмак бериш дастурини бошлашга туртки бўлишига умид қилмоқда.

АҚШ, Россия, ЕИ ва БМТнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Тони Блэр ҳам яқинда қилган чиқишида Фаластин фуқароларининг аҳволи, ҳудуд иқтисоди ижобий томонга ўзгармагунча томонлар ўз сиёсий мақсадларига эриша олмаслигини таъкидлаган эди.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Париж анжумани олдидан бу тадбирга катта умид боғлаётганини маълум қилди.

“АҚШда бўлиб ўтган анжумандан сўнг ўтказилаётган бугунги тадбир муҳим эканини қайд этмоқчиман. Унда иштирок этаётган мамлакатлар Фаластинга нафақат иқтисодий кўмак кўрсатишни, балки сиёсий масалаларни ҳам муҳокама қилишни режалаштирган. Имоним комилки, халқаро ҳамжамият ишончимизни оқлайди”,- деди Маҳмуд Аббос.

Анжуманга мезбонлик қилаётган Франция фаластинликларга 300 миллион АҚШ доллари миқдорида кўмак кўрсатишини эълон қилди.

“Буни Фаластин ҳукуматига бўлган дўстлик ифодаси, деб баҳолайман. Минтақадаги хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш ва жиддий ислоҳотлар ўтказиш фурсати келди. 1967 йилда бошланган истилога якун ясаш ва Фаластин халқининг ўзлигини англаши учун вақт келганини ҳам исроиллик дўстларимизга етказиб қўймоқчиман”,- деди Франция президенти Николя Саркози.

АҚШ ҳукумати Фаластинга 550 миллион ва ЕИ эса 650 миллион доллар миқдорида кўмак кўрсатишини маълум қилди. Умуман, Париж анжумани давомида Фаластинга кўмак бериш дастури учун 6 миллиард доллар тўплаш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG