Линклар

logo-print

Қозоғистон Интернетдаги цензурани қонунийлаштирмоқчи


Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги Интернетни давлат назоратига олиш мақсадида “Интернет тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишини маълум қилди.

Маданият ва ахборот вазири Ермуҳаммад Ертисбоевнинг айтишича, мамлакатдаги кўпгина оммавий ахборот воситалари турли молиявий-саноат гуруҳлари назоратидадир ва улар бундан миллий ғояга зид бўлган корпоратив мақсадлари йўлида фойдаланиши ҳолатлари кўп учрамоқда.

“Интернетда шахслар шаънини ҳақоратлаш, порнографик ва жамиятга зарарли бошқа ахборотлар чиқиши олдини олиш учун янги қонун зарур”,- деди вазир.

Ҳозир Қозоғистондаги йирик “Қозтелерадио”, “Кателко” ва “Хабар” телеканаллари тўла давлат ихтиёрига ўтиши кутилмоқда.

Айтиб жоизки, Қозоғистонда Интернетни назорат қилиш ҳаракатлари президентнинг собиқ куёви Роҳат Алиевнинг собиқ қайнотаси ва ҳукумат амалдорларига қарши фош этувчи материалларни айнан ОАВ орқали жамоатчилик эътиборига ҳавола қилаётгани сабабли бошланган эди.

Ҳукумат босимига қарамай, Қозоғистондаги айрим сайтлар Р.Алиевнинг компроматларини чоп этишда давом этмоқда. Эндиликда “Интернет тўғрисида”ги қонун айнан шундай сайтларга қарши қаратилгани маълум бўлаётир.

Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонлик журналист Солиҳ Яҳёев жамиятдаги турли ахлоқсизликлар тарғиб қилинадиган сайтларни назорат қилиш ўринли экани, лекин ҳукумат ўз қилмишлари ошкор этилишидан чўчиб, Интернетни тўла цензура қилишга уринаётгани мамлакат сўз эркинлигидан чекинаётгани белгиси эканини таъкидлади.

Ўзбекистонлик яна бир журналист Шавкат Мирзакалон сўзларига кўра, Интернетни назорат қилишга уриниш фойдасиздир. Қозоғистонда ОАВ устидан цензура илгари ҳам мавжуд бўлган ва ҳукумат улар устидан назоратни янада кучайтирмоқчи, холос.
XS
SM
MD
LG