Линклар

logo-print

Тожикистон Ўзбекистон иддаоларини рад этади

  • Гулнора Равшан

Куни-кеча Интернетдаги айрим сайтларда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбекистонлик аёлни қўшни давлат фойдасига жосусликда айблаб, турли кўйларга солгани ҳақида мақола эълон қилинди.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон фуқароси Зулфия Юсупова ўн йил давомида Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Истарафшон туманида шу ерлик эри ва болалари яшаган. Оддий санаторийда анча йиллар ишлаб келаётган аёлни 2004 йилда Истарафшон тумани ички ишлар ва миллий хавфсизлик бўлимлари ходимлари ушлаб, уни Ўзбекистон фойдасига жосусликда айблаган. Бу муаммолар аёлнинг ишдан кетишига ва оиласи билан ажралишига сабаб бўлган. Шундан сўнг юртига депортация қилинган З.Юсупова Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига Тожикистон миллий хавфсизлик ходимлари томонидан зўрлангани, катта миқдордаги пули ва тилла буюмлари олиб қўйилгани юзасидан шикоят қилган.

Истарафшон тумани миллий хавфсизлик бўлими бошлиғи подполковник Муҳаммадлатиф Зокиров З.Юсупова ва мақола муаллифининг иддаоларини рад этди.

Унинг айтишича, Зулфия Юсупова 1995 йилда истарафшонлик Ихтиёр Юсуповга турмушга чиққан ва икки фарзанд кўрган. Аммо ўн йилдан кейин улар ўз ихтиёри билан ажрашган. Бу никоҳ Ўзбекистоннинг Боёвут тумани суди томонидан бекор қилинган. Бироқ И.Юсупов бошқа аёлга уйланганидан хабар топган З.Юсупова фарзандларини қайтариб олиш учун Тожикистонга келган.

“Унинг мамлакат ҳудудида визасиз яшаётгани аниқлангандан кейин биз бу аёлни Тожикистондан депортация қилишга мажбур бўлдик. Қолаверса, аёл Ўзбекистондаги маҳаллий телевидение орқали Тожикистон миллий хавфсизлик ходимлари шаънига туҳматлар ёғдирган. Шунинг учун жорий йил сентябрда Тожикистонга қайтган З.Юсупова ходимларимиз томонидан ушланиб, бир муддат вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилди”,- деди М.Зокиров.

Подполковникнинг сўзларига кўра, сўроқ вақтида З.Юсупова Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари уни телевидение орқали Тожикистон томонини ёмонлашга мажбурлаганини билдирган, унинг бу кўрсатмалари видеотасмага ёзиб олинган.

М.Зокиров айни пайтда Тожикистон ва Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ўртасида З.Юсупова иши юзасидан ёзишмалар давом этаётганини маълум қилди.

Айтиш жоизки, сўнгги вақтларда Интернетда ўзбек-тожик муносабатларига доир шу мазмундаги мақолалар тез-тез чоп этилаётгани ва Ўзбекистон томони Тожикистон ҳукуматини миллатчиликда айблаш ҳоллари кузатилади.

Бу каби айбловлардан хабардор кузатувчиларнинг айримлари Ўзбекистоннинг иддаосида жон борлигини айтса, айримлари бунга қўшилмаслигини билдиряпти.

Расмий манбалардан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Зулфия Юсупова даъволари асосида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига нота йўллаган.

Ўзбекистон томонининг Тожикистон ҳукуматини миллатчиликда айблаётгани расмий Душанбени ташвишга солиб қўяётгани сезилади.
XS
SM
MD
LG