Линклар

Ваҳимали хабарлар ортида ким турибди?


Қозоғистон жанубида мамлакат мустақиллиги нишонланадиган 16-17 декабрь кунлари туб бўлмаган миллатлар вакилларига қарши ҳаракатлар бўлиши мумкинлиги сабабли улар кўчага чиқмаслиги мақсадга мувофиқ экани тўғрисида хабарлар тарқалганди.

Аввалроқ номаълум кимсалар Жанубий Қозоғистондаги олий ўқув юртлари талабалари ўртасида мустақиллик кунлари ҳукумат сиёсатига қарши норозилик намойишлари ўтказиш хусусида тарғибот ишлари олиб борган эди. Шундан сўнг маҳаллий ҳуқуқ-тарғибот идоралари олий ўқув юртлари раҳбарияти билан биргаликда талабалардан бундай акцияларга қатнашмаслик тўғрисида тилхат ёздириб олгани хабар қилинганди.

Маълум бўлишича, айниқса, қозоқ ёшларининг байрам кунлари намойишларга иштирок этишига қарши жиддий чоралар кўрилган. Ҳатто қишлоқлардан келган талабалар ўз уйларига жўнатиб юборилган.

Туб бўлмаган миллатларга қарши ҳаракатлар бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарлар эса уларнинг аксариятини ўз хавфсизлигини кўпроқ ўйлашга мажбур этди.

Жанубий қозоғистонлик Веранинг айтишича, шу кунларда номаълум шахслар туб бўлмаган аҳолини ваҳимага солувчи плакатлар ва варақалар тарқатган.

Жанубий Қозоғистонда бу каби хабарлар туб бўлмаган аҳоли ўртасида ваҳима уйғотгани табиийдир. Чунки бир қанча вақт муқаддам вилоятда қозоқлар ва курдлар ўртасида каттагина можаро бўлиб ўтганди.

Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонлик журналист Улуғбек Ҳайдаров бу каби ваҳималар одамларда қўрқув уйғотаётганини тасдиқлар экан: “Жанубий Қозоғистон кўп миллатли ҳудуд ҳисобланади. Турли миш-мишлар таъсирида одамлар анча қўрқиб қолган. Бойлар эса ҳар эҳтимолга қарши қўшни Ўзбекистондан уйлар сотиб олмоқда”,- деди У.Ҳайдаров.

Унинг билдиришича, ваҳимали хабарлар тарқатилиши ортида Қозоғистон президентининг собиқ куёви Роҳат Алиев тургани тўғрисидаги фаразлар ҳам мавжуд.
XS
SM
MD
LG