Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:18

Портлаш жабрдийларига ҳеч ким ёрдам бермаяпти


7 декабрда Душанбе шаҳрининг Неъмат Қорабоев кўчасидаги 15-уйда юз берган табиий газ портлашидан қарийб 420 киши бошпанасиз қолганди. Душанбе шаҳри прокуратураси фожеада “Душанбегаз” ширкатини айбламоқда.

Газ портлаши натижасида бошпанасиз қолган аксарият пойтахтликлар Тожикистон ҳукумати ўзларига ҳеч қандай моддий ёрдам бермаганидан норозилик билдирди.

Жабрдийдаларнинг айримлари Душанбедаги бутпарастлар ибодатхонасидан бошпана топгани маълум бўлди.

Айнан шу ибодатхонада беш вақт намозини ўқиб юрган Ҳошим Қутбиддинов портлашдан вайрон бўлган бино яқинида жойлашган масжид масъуллари мусулмон биродарларига ёрдам қўлини чўзмаганини билдириб: “Яқинимиздаги масжиддан бирор киши аҳволимизни сўрамади. Аммо ғайридин биродарларимиз бизга бошпана берди, намоз ўқишимиз учун барча шароитларни яратди”,- деди.

Портлаш зарар етказган бинода яшаш тақиқланганига қарамай, жабрдийда айрим оилалар ярим вайрона уйларда яшамоқда.

“Тунда ўғрилар газ портлашидан эшик-деразалари учиб кетган хонадонларга кириб, қўлига илашган тахтами, уй-рўзғор буюмими, олиб кетяпти. На ҳукумат, на милиция ходимларининг бу билан иши йўқ”,- дейди ярим вайрона уйда яшаётган Назарбегим Бозорбекова.

Портлашдан вайрон бўлган уй жойлашган маҳалла раиси Алихон Шонкиев ҳам туман ва шаҳар раҳбарлари жабрдийдаларга бирор ёрдам кўрсатмаганини тасдиқлади. У пойтахтнинг Фирдавсий тумани ҳокимлиги бинони тиклаш ва таъмирлашни жабрдийдалар зиммасига юклаганини билдирди.

Портлашда балоғат ёшига етмаган беш бола оғир тан жароҳати олган эди. Айни пайтда уларнинг барчаси шифохонада даволанмоқда.

Улардан икки нафарининг онаси Гул Бодомова болаларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилмаганидан шикоят қилди.

“Болаларим оғир тан жароҳати олган. Шуна қарамай, хайрия ташкилотлари ҳам, ҳукумат ҳам тиббий хизмат кўрсатилиши учун ёрдам бергани йўқ. Уларни даволаш учун қўни-қўшнилар 170 доллар йиғиб берди”,- деди аёл.

Душанбе шаҳри прокурори Қурбонали Муҳаббатов портлаш “Душанбегаз” ширкати масъуллари масъулиятсизлиги туфайли юз берганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳар йили куз ва қишда Душанбеда бундай портлашлар тез-тез содир бўлиб туради. Чунки пойтахтликлар табиий газ бериш бошланиши ҳақида умуман огоҳлантирилмайди.

Маълум бўлишича, ҳозир “Душанбегаз” ширкатига нисбатан жиноят иши очилиб, тергов давом этмоқда.

Шаҳар прокурори “Душанбегаз” портлашдан зарар кўрган оилалар уйларини ўз ҳисобидан қайта тиклаб бериши шартлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG