Линклар

Хавфсизлик кенгаши Косово масаласини муҳокама этади

  • Алишер Сиддиқ

19 декабрь куни Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгашининг Косово келажаги масаласига бағишланган анжумани бошланди. Сербиянинг бир қисми ҳисобланадиган Косово 1999 йилдан буён БМТ томонидан бошқарилади.

Приштина ва Белград ўртасида икки йил давом этган музокаралар натижасиз якунлангандан сўнг Косово мақоми муаммоси юзасидан қарор қабул қилиш БМТ Хавфсизлик кенгашига қолди.

Белград Косовога мухторият беришга розилик берган, бироқ косоволик албанлар мустақилликдан бошқасини қабул қилмаётир.

Жорий ой бошида “Озодлик”ка интервью берган Косово президенти Фатмир Сейдиунинг айтишича, мустақилликка эришиш йўлида косоволиклар ҳеч қандай таҳдид ёки қурбонликлардан қўрқмайди.

“Косово бугунги кунда Сербия билан мавжуд бўлган иқтисодий алоқасиз ҳам яшай олади. Сербия бизни синамоқчи бўляпти. Биз бошқа чиқиш йўлларини топамизми ёки Сербия қамалига қаршилик кўрсатишга кучимиз етадими? Биз ҳаммасига тайёрмиз. Косово фуқаролари мустақилликни сотиб олиш мумкин эмаслигини яхши билади. Агар Сербия ўз армияси ва разведкаси ёрдамида Косовода зўравонликлар келтириб чиқаришга уринса, унга ким қарши чиқади? Бундай зўравонликлар рўй бермаслиги учун НАТО кучлари масъулиятни ўз зиммасига олган”, – деганди Косово президенти.

Хитой ва Россия Косовога мустақиллик бериш ғоясига қарши чиқмоқда. Россия президенти Владимир Путин Косовога мустақиллик берилса, мустақилликка интилаётган Шимолий Осетия, Абхазия ва Днестрбўйи республикалари ҳам айни талаблар билан чиқиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Сешанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб давлатларини Приштинага ён босаётганликда айблади.

“Косово мустақиллигини бир томонлама эълон қилиш ва бу мустақилликни ноқонуний тарзда тан олиш хавфли оқибатларга олиб келади. Бундай ҳолат Болқонда ўз акс-садосини топади. Бугун ҳар хил режалар тузаётганлар ёмон оқибатлар уларнинг зиммасида бўлишини англаши керак”, – деди С.Лавров.

Европалик айрим дипломатларнинг норазмий тарзда билдиришича, Косово мустақиллигини тузилмага аъзо барча давлатлар тан олишга шай турибди.

Вашингтон ҳам бунга тайёр эканига ишора қилганди.

ЕИ давлатлари Косовога 1800 кишилик қўшимча полициячи жўнатишга келишиб олди. Косово раҳбарлари эса ҳар бир қадами Брюссель ва Вашингтон билан мувофиқлаштирилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG