Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:16

“Press-uz.info” Хуршидни Туркияга “жўнатиб юборди”


“Press-uz.info” сайти 23 ноябрь куни Олмаота шаҳрида ғойиб бўлган ўзбекистонлик қочқин Хуршид Шамсуддинов аслида ўз хоҳиши билан Қозоғистондан Молдовага кетгани, у ердан эса Туркияга депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатди.

Хуршидни қарийб бир ойдан бери қидиришда давом этаётган ўзбекистонлик бошқа қочқинлар, маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва кузатувчилар Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уни топишга бош қўшмаётгани бу ишда Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли борлигидан дарак эканини айтиб келмоқда. Чунки Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу каби масалаларда ўзбекистонлик ҳамкорлари билан яқин ҳамкорлик қилгани тўғрисида анчагина далиллар бор.

Энди Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодаловчи “Press-uz.info” сайти Х.Шамсуддинов тақдирига эътибор қаратиб, юқоридаги маълумотни тарқатгани аслида бу гумонлар тасдиғи сифатида кўрилаётир. Зеро, ғойиб бўлишидан олдин Хуршид юртидаги яқинларидан Ўзбекистон махсус хизматлари уни ватанига қайтариш учун танишларидан фойдаланиш ниятида экани тўғрисида огоҳлантириш олганди.

“Мен Хуршид Молдовага кетганига ишонмайман. Чунки у ўзи қочқин бўлса, Олмаотада ҳам қўрқиб юрарди. Қолаверса, қидирувдаги одам чегарадан қандай ўтади? Унинг Молдовага кетгани ақлга сиғмайди”,- деди Хуршидни таниган ўзбекистонлик қочқинлардан бири.

Москвалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Виталий Пономарёв ҳам “Press-uz.info” сайтининг Х.Шамсуддинов ўз хоҳиши билан Молдовага кетгани ва у ердан Туркияга депортация қилингани ҳақидаги маълумоти шубҳали эканини таъкидлади.

“Қочқинлик мақомига эга киши қайси давлат орқали келган бўлса, ўша ёққа ёки ўзи фуқароси бўлган мамлакатга қайтарилиши керак. Х.Шамсуддинов Молдовага Туркия орқали келган бўлса, у Туркияга қайтарилган бўлиши мумкин. Лекин билишимча, унинг Туркияга кетишга маблағи бўлмаган”,- деди В.Пономарёв.

Хуллас, “Press-uz.info” хабарида шубҳали ўринлар кўп. Буларнинг барчаси Олмаотада яшаб келган ўзбек қочқини Х.Шамсуддиновнинг ғойиб бўлишида Ўзбекистон махсус хизматлари қўли йўқлигига ишонтириши анча қийин. Бу маълумот айбдорнинг ўз бегуноҳлигини исботлаш учун қилаётган ҳаракатларини эслатаётгандек.
XS
SM
MD
LG