Линклар

Тамали бузуқ барқарорлик

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳтам Шоймардонов қайта сайланишга интилаётган президент Ислом Каримов бошқарувининг давом этиши мамлакатда тартибсизликлар келиб чиқишига туртки бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.

Хўш, ҳуқуқ ҳимоячисининг “Рейтер” ахборот агентлиги келтирган бу фикрида қанчалик жон бор?

Ўзбекистон президенти мустақилликдан бери тинчлик ва барқарорлик энг олий неъмат эканини уқдириб келади. У бу мавзуга мамлакат мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган тантанали мажлисда ҳам тўхталиб ўтган, “инсоният ҳаётига таҳдид солаётган турли-туман бало-қазолар бор”лигини эслатиб: “(Улар) юртимизда тинчлик ва осойишталик, барқарорликни мустаҳкамлаш, сезгирлик, ҳушёрлик ва огоҳликни йўқотмасдан, ҳар қандай хавф-хатарга муносиб жавоб бера оладиган куч-қудратимизни ошириш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида доимо ҳаракатда бўлишимизни талаб қилади”,- деган эди.

Хўш, мавжуд барқарорликни таъминлаш учун фақатгина сезгирлик, ҳушёрлик ва огоҳликни йўқотмаслик етарлими?

Аҳтам Шоймардоновнинг айтганлари бугун шу ҳақда ўйлаб кўришга ундайди.

Барқарорлик ҳам ҳар-хил бўлишини айтади қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

“Ўн йилликлар давом этадиган узоқ муддатли барқарорлик ҳам, конкрет вазиятдан келиб чиқадиган, ҳатто конкрет бир шахсга боғлиқ қисқа муддатли барқарорлик ҳам бўлади,- дейди сиёсатшунос. - Европа мамлакатларида барқарорликнинг биринчи шаклини кузатиш мумкин. Агар Европа мамлакатларида барқарорлик тамали ҳуқуқий давлат, конституция, қонунлар устиворлиги бўлса, Марказий Осиё мамлакатларида барқарорлик давлат тепасида турган шахс ва унинг атрофидаги гуруҳларнинг кучи ва хоҳиш-истакларига асосланади”.

Демак, Ўзбекистондаги мавжуд барқарорлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев айтаётган барқарорликнинг иккинчи туридир. Яъни мамлакатдаги барқарорлик давлат тепасида турган шахснинг кучи ва хоҳиш-истакларига асосланади.

Хўш, бу ҳолат хавфли эмасми?

Д.Сатпаев бу саволга ҳа, деб жавоб берар экан, барқарорликни таъминлаб турган шахснинг давлат тепасидан кетиши ёмон оқибатларга олиб келиши, фуқаролар уруши каби энг мудҳиш ҳолатлардан тортиб, мулкни қайта тақсимлаш каби анчайин оғриқсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.

Айнан Ўзбекистондаги вазиятга тўхталган Д.Сатпаев: “Бу масалада Ислом Каримовнинг муаммолари етарлидир. Чунки у айтаётган барқарорлик тамали бузуқ барқарорликдир. Чунки бу барқарорлик узоқ муддатли эмас. Бу барқарорлик куч ишлатар тизимлардан фойдаланишга асосланган ва айни пайтда бундай барқарорликни турғунлик, деб тушунса ҳам бўлаверади. Сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги турғунлик”,- деди.
XS
SM
MD
LG