Линклар

Имомали Раҳмон экстремистлар фаоллашаётганидан хавотирда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Қурбон ҳайити арафасида зиёлилар билан учрашувда мамлакатда барқарорликни издан чиқариш мақсадида бўлган экстремистик кучлар фаоллашаётганидан хавотир билдирди.

Президент барча мусулмонларни ва мамлакатда фаолият юритаётган бошқа дин ва мазҳаблар вакилларини радикал ва диний экстремистик ғояларни тарғиб қилмасликка чақирди.

Таъкидлаш керакки, И.Раҳмоннинг бу каби чиқишларидан сўнг мамлакатдаги ўнлаб масжидлар фаолияти тўхтатилади. Шу тариқа жорий йилда биргина Душанбенинг ўзида қарийб 300 масжид ёпилди. Қурбон ҳайити арафасида ҳам пойтахтнинг Сино туманидаги маҳаллалардан бирининг масжидида намоз ўқиш тақиқланди.

Мазкур масжид имом хатиби “Озодлик” билан суҳбатда қандайдир кимсалар гўёки масжидда турли тарғиботлар ўтказилаётгани ва ёшлар масжидда қимор ўйнаётгани тўғрисида ҳукумат идораларига асоссиз маълумот етказгани бунга сабаб бўлганини билдирди.

Кўпчилик оддий тожикистонликлар масжидларда экстремистик ғоялар тарғиб қилинмаслигини айтади. Ғиёсиддин Омонов исмли суҳбатдош ўз маҳалласидаги масжидга бошқа мусулмон давлатлардан келган хорижликлар ҳам қатнашини, аммо улар фақат Қуръон ва ислом динига оид мавзуларда ваъз ўқишини таъкидлади.

Аммо Жалолиддин исмли суҳбатдош давлат раҳбари гапида жон борлигини ва хорижий давлатлардан келган турли оқимлар вакиллари кўпроқ ёшлар орасида номақбул тарғиботлар ўтказаётганини, улар пул ёрдамида ёшлар фикрини чалғитишга уринаётганини маълум қилди. У бу ҳаракатларда тожик жамиятидаги барқарорликдан манфаатдор бўлмаган ташқи кучлар қўли борлигини билдирди.

Бироқ айрим ҳокимият вакиллари бу ўринда кўпроқ Тожикистон Ислом уйғониш партиясига шубҳа билан қараши сезилади. Шундай шубҳалар боис бўлса керак, Душанбенинг Фирдавсий тумани ҳокимлиги раҳбарлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳайит куни Ислом уйғониш партияси вакилларига партия биносида ҳайит намозини ўқишни тақиқлади.
XS
SM
MD
LG