Линклар

Қочқинларнинг хавфсирашига асослар етарли


Олмаота шаҳрида ўзбек қочқини Хуршид Шамсуддинов бедарак ғойиб бўлгач, у билан яқин алоқада бўлган ўзбекистонлик бошқа қочқинлар ҳам хавотирга тушиб қолган.

Улар орқасидан кузатув ҳам очиқча тус олгани қочқинларнинг хавотирларини янада кучайтирмоқда.

“Олмаотада ўзбек қочқинлари билан боғлиқ жуда ғалати ҳодисалар кўп бўляпти. Масалан, 3 кундан бери уйимиз атрофида кузатувчилар турибди. Кўринишидан қозоқ бўлган шахс ўзини мастликка солиб, аввалги кунлари русча гапирарди. Кейинги кунлари эса илгари Тошкентнинг Чилонзор туманида яшаганини айтиб, ўзбекча гапира бошлади. Илгари биз уни бу ердаги маҳалламизда кўрмаганмиз. Чунки бу ердагиларни яхши таниб олганмиз. Аввалари бир ўзи уйимизга келиб, бизни гапга тутарди. Ҳозир икки киши бўлиб олган. Ҳозир ҳам улар шу ерда турибди”,- дейди қочқинлардан бири.

У Х.Шамсуддинов Молдовага кетиб, сўнг Туркияга депортация қилингани ҳақида “Press-uz.info” сайти тарқатган маълумотга ишонмаслиги, бу ўзбек махсус хизматларининг ҳийласи эканини таъкидлади. Шу билан бирга, 2005 йилда Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан Жанубий Қозоғистондан ўғирлаб кетилган 9 ўзбек қочқини тақдирини ёдга олди.

“Ўшанда ҳам Қозоғистон махсус хизматлари бу ишда ўзбекистонлик ҳамкасбларига ёрдам берганини тан олмаган эди. Ўзбекистон махсус хизматлари эса қочқинларни Тошкент вилоятида ушлаб олгани ҳақида расмий маълумот тарқатганди. Х.Шамсуддинов тўғрисидаги маълумот ҳам Миллий хавфсизлик хизматининг ҳийлаларидан бири”,- деди қочқин.

Бедарак ғойиб бўлган Х.Шамсуддинов билан бир уйда ижарага турган қочқинлар бу хонадонни кузатиш ҳали ҳам давом этаётгани билдирди. Улар Хуршиднинг ҳамма нарсаси қолиб кетгани, ҳозир унинг буюмларини йиғиштириб қўйишганини маълум қилди. Шунингдек, улар Хуршид йўқолиб қолгандан сўнг ўзларининг мобил телефонлари рақамларини ўзгартиргани, кўчага фақат зарурат юзасидан чиқаётганларини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси вакили Денис Живаго Олмаотадаги ўзбек қочқинлари ўз тақдиридан хавотирланиши учун жиддий асослар борлигини тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG