Линклар

Тожикистон БМТ қўмитаси қарорларига бўйсунмаяпти

  • Гулнора Равшан

БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқларини қўмитаси 2001 йилдан шу кунга қадар Тожикистон фуқароларидан тушган индивидуал шикоят аризаларининг 10 тасини ўрганиб чиқиб, бу юзасидан ўз қарорини қабул қилди.

Тожикистон инсон ҳуқуқлари халқаро конвенциясини ратификация қилиш орқали БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси қарорларини сўзсиз бажариш мажбуриятини олган.

Тожикистон инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Қаҳрамон Сангиновнинг билдиришича, ўз ҳуқуқлари бузилгани юзасидан Женевага шикоят аризаси йўллаган тожикистонликларнинг иддаолари, яъни тергов изоляторида айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани, судлар адолатсиз ҳукм чиқаргани тўла тасдиғини топган. Бироқ Тожикистон ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг тожикистонлик 10 фуқаро шикоят аризаси юзасидан чиқарган қарорини ҳунузгача бажаргани йўқ.

“Чунки Тожикистонда БМТ қўмитаси қарорини ижро этиш учун махсус механизм ишлаб чиқилмаган. Шикоят аризаси йўллаган шахслар эса қўмита қарори бажарилиши юзасидан қайси идорага мурожаат этишни билмайди”,- деди Қ.Сангинов.

Абдукарим Боймуродов ўғли Мустафоқул Боймуродовнинг адолатсиз равишда қамоққа тиқилгани юзасидан БМТ қўмитасига шикоят йўллаганлардан бири.

“Ўғлим Мустафоқул 2000 йилда пойтахт Душанбе ва Хатлон вилоятининг Данғара туманида юз берган портлашларда айбланиб қўлга олинган эди. 2001 йилда Олий суд қарори билан унга ўлим жазоси тайинланди. Аммо ишни ўз назоратига олган БМТ аралашуви билан жазо 25 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Кўп уринишларимиз натижасида портлашларда ўғлимнинг қўли йўқлиги исботланди. Аммо унинг жазоси БМТ қўмитаси қароридан сўнг ҳам енгиллаштирилмаяпти. Ундан ташқари, тергов вақтида Мустафоқул милиция ходимлари томонидан калтакланиб, соғлигини йўқотган, бироқ бунинг учун ҳеч ким жазо ҳам олмади ва товон ҳам тўланмади. Ўғлимга авф ҳам қўлланилмади”,- дейди Абдукарим Боймуродов.

Тожикистон адлия вазири ўринбосари Гулчеҳра Шарипова эса БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси қарори бажарилмаётганига мамлакат қонунчилиги эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқий саводсизлиги сабаб бўлаётганини таъкидлади.

“БМТга шикоят аризаси йўллаган шахслар мамлакат тегишли идораларига қарор юзасидан мурожаат этмайди. Бу уларнинг журъатсизлиги ёки кўпроқ ҳуқуқий саводсизлигида, деб ўйлайман. Уларнинг ўзи ўша жараёнга қайтишни истамаслиги сабабли БМТ қўмитаси қарорлари ижро этилмай қолмоқда”,- деди Адлия вазирлиги масъули.

Тожикистон инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Қаҳрамон Сангинов берган маълумотларга кўра, тожикистонликлар 2001 йилдан шу кунга қадар БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига 25 та шикоят аризаси йўллаган. Айни пайтда қолган 15 та шикоят юзасидан қўмита ва Тожикистон ҳукумати ўртасида ёзишмалар давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG