Линклар

Фермер сайловни бойкот қилди

  • Сарвар Усмон

Баъзи ўзбекистонликлар, хусусан, жиззахлик Маъмиржон Азимов ва унинг оила аъзолари 23 декабрь куни сайловга қатнашмоқчи эмас. Улар сайловга бойкот эълон қилганини билдирди.

Хўш, Азимовлар оиласининг бундай қарорга келишига нима сабаб бўлди?

М.Азимов “Бобожон” фермер хўжалигининг раҳбари. Унга куни-кеча маълум бўлишича, маҳаллий суд унинг хўжалиги тасарруфидаги ерни тортиб олиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Маъмиржон аканинг айтишича, суд қарорида у билан ерни ижарага олиш тўғрисида 50 йилга тузилган шартнома бекор қилиниши, унинг фермер хўжалиги ҳисоб рақамидан 124 минг 200 сўм давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Бундай қарор Жиззах туманидаги бошқа бир қатор фермер хўжаликлари устидан ҳам чиқарилган.

“Лекин сўнгги кунларгача суднинг қароридан фермерларнинг, менинг ҳам хабаримиз бўлмаган,- дейди М.Азимов.- Мендан ташқари тумандаги 340 фермер хўжалиги бўйича шундай қарор қабул қилинган”.

Демак, туман бўйича 340 фермер суднинг яширин қарори бўйича ўз еридан ажраб қолиш хавфи остида. Шу кунда, маълум бўлишича, суднинг ижро департаменти томонидан ҳар бир фермер чақирув қоғози билан чақиртирилмоқда. Фермерлар суднинг қарори тўғрисида ана ўша чақирув қоғозидан билмоқда.

Шуниси қизиқки, дейди фермер, қарор 19 июнда қабул қилинган экан. Лекин декабрнинг ўрталаригача буни яширишган.

Умуман, Жиззах туманидаги фермерлардан 340 нафари бошига тушган ишнинг қизиқ томонлари кўп. Нима учун уларнинг ерини тортиб олиш тўғрисида қарор чиқарилган суд мажлиси уларнинг иштирокисиз ўтади? Нима учун бундай мажлис ёзда, ҳали йиғим-терим бошланмай туриб, яъни фермер фаолиятига баҳо беришга асос бўладиган энг асосий кўрсаткич – ҳосил миқдори аниқланмай туриб қабул қилинади? Нима учун ёзда чиққан қарор тўғрисида фермер декабрнинг ўртасига келиб билади?

Бундай саволларнинг яна бир нечаси ўртага тушишга шайланиб турибди.

Балки сайловдан кейин ана ўша саволлар жавобини излаб кўрармиз.

Ҳозирча эса бир нарса аниқ. Суднинг қарорини ғайриқонуний, деб билган фермер норозилик тариқасида 23 декабрь куни президент сайловига қатнашмоқчи эмас.
XS
SM
MD
LG