Линклар

Қор ëғару излар босилмас.....

  • Абдулла Искандар

1989 йил июл ойидан бери Ўзбекистонни бошқариб келаëтган Каримовнинг лавозимдаги умри 2007 йил адоғида яна етти йилга узайтирилди. 1991 йил август ойида қилган чиқишида Каримов "Мен орқамдаги кўприкларни ëқиб юборганман" деган эди. Каримовнинг 1991 йилдан бери президентлик лавозимидаги фаолиятига назар ташласак¸ бу баëнотнинг мунтазам амалга ошиб келаëтганини кўрамиз.



Каримовнинг ўзини лавозимга элтган ва бу лавозимда ушлаб туришга хизмат қилган салафларини бир-бир йўқ қилгани маълум.

Шукрулло Мирсаидов¸ Самандар Қўқонов ¸ Аҳмаджон Одилов каби Ўзбекистон ичкарисида қудрат соҳиби бўлганларнинг тазйиқларга дучор қилиниши¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Мамадали Маҳмудов каби ëзувчиларга қарши очилган жиноий ишлар¸ Эмин Усмон каби етук бир шоирнинг қамоқда ўлдирилиши Каримовнинг ўз мухолифларига бўлган нафрати билан изоҳланади.

Ҳали 1991 йилдаëқ Каримов¸ ўз салаф ва мухолифларини йўқ қилиш механизми сифатида ўша пайтдаги КГБ хозирги МХХни ўз назоратига олган эди. Бунга 1991 йилда Ўзбекистон парламенти депутати Шуҳрат Нусратов қаршилик қилиб¸ Олий мажлиснинг 7 сессиясида нутқ сўзлаган эди.

"Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам¸ яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади."

Бу башоратомуз гаплар 1991 йилда депутат Шухрат Нусратов оғзидан янграган эди. Бу гаплардан сал вақт ўтиб Ўзбекистонда сиëсий мухолифат аъзоларига таъқиблар бошланди.

"Мен Ўзбекистондаги барқарорликни таъминлаш учун ўн мингта калланинг баҳридан ўтишга таëрман "¸ деган эди Каримов 1992 йилда.

1991 йилдаги президентлик сайловида Каримовга қарши ўз номзодини қўйган мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ сайловлардан олти ой ўтиб қамоққа олинди. Жаҳон ҳамжамияти талаби билан озод этилган Солиҳ Ўзбекистонни тарк қилишга мажбур бўлди.

1992 йилда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ишлаган туркиялик ишбилармон Исмойил Чингиз гапиради.

"Муқобил бир номзод сифатида Мухаммад Солиҳ Ўзбекистон давлати ривожланишини истаган эди. Бу истак Каримов шахсига қарши қаратилмаган эди. Агар ўшанда демократик бир тизим қурилганда бу тизим ичида Солиҳга ҳам¸ Каримовга ҳам жой топилар эди. Аммо Каримов яратган қозонда икки қўчқорнинг боши бирга қайнамади."

Мен ўша пайтни яхши эслайман¸ дейди академик Бек Тошмуҳаммедов .
"Сайловдан сал ўтиб Каримов дарҳол Солиҳдан ўч олишга киришди. Унга қарши жиноий иш очди. Солиҳ 16 ярим йилга сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди."

Горбачëв ҳуррияти даврида сиëсий майдонга чиққан ва кейинчалик Каримов саройида иш билан таъминланган Мирзо Кенжабек¸ Усмон Азим¸ Омон Матжон каби ëзувчи шоирлар Оқсаройдан аста-секин четлатилди. Мурод Муҳаммад Дўст¸ Эркин Воҳидов¸ Хайриддин Султонов каби ëзувчилар Оқсарой деб аталган иқтидор дарахти бутоқларида куз япроқлари каби омонат осилиб қолишди. Милий тикланиш партиясининг 2007 йилги президентлик сайловида рўйхатга олинмаган номзоди Хуршид Дўстмуҳаммадга кўра шоир-ëзувчиларнинг сиëсатга аралушуви нотўғри бўлган.

"Сиëсатни тушунмасдан кириб қолишди улар. Сиëсатга ëндашув шоирона бўлмаслиги керак. Сиëсатда бугун борсиз¸ эртгага йўқсиз" - дейди Хуршид Дўстмуҳаммад.

2000 йилда бўлиб ўтган президент сайловида Каримов яна муқобил номзод билан бирга сиëсий саҳнага чиқди. Сайлов деб аталган бу тадбирда муқобил номзод роли асли наманганлик олим Абдулҳафиз Жалолов чекига тушди. Абдулҳафиз Жалолов президент сайлови деган жиддий бир маъракани майнавозчиликка айлантирган шахс сифатида тарихга кирди¸- дейди академик Тошмухаммедов.

"У ўтган сайловларда ўзининг ëмон тарафи билан танилди. Жалолов ўз мухолифига овоз берганлигини матбуот орқали бутун дунëга билдирди. Сайлов деган жиддий бир маърака масхарабозликка айлатирилди. Оқибатда¸ Жалолов Каримовнинг ғазабига дучор бўлди. Жалолов ХДП бош котиблиги лавозимидан ва Фалсафа институтидаги профессорлик жуббасидан мосуво бўлди."

Балки у шу тариқа Каримовга норозилик билдиргандир¸ деб савол берамиз Тошмуҳаммедовга.

"Мен ундай деб ўйламайман. Каримовга эътироз ëки норозилик билдиришнинг бошқа имконлари ҳам бор эди Жалоловда¸ аммо у сайловни майнавозчиликка айлантирди."

2007 йил адоғида ўтган президентлик сайловига Оқсарой гумашталари ўтган йиллардаги хатолардан сабоқ чиқарган ҳолда жиддий киришишди¸ дейди Тошмухамедов.

"Бу сафар танлов жиддий бўлди. Номзодларнинг сайлов жараëнида қилиқ кўрсатмаслигини кафолатлаш учун барча ишлар қилинди. Сайлов жараëнида ҳур фикр айтиши мумкин бўлган номзод Хуршид Дўстмуҳаммад сайлов пойгасидан четлаштирилди."

Сайлов пойгасидан четлаштирилган ëзувчи Хуршид Дўстмуҳаммадга бу борада савол бердик. "Бу ҳақда кейин гаплашсак. Ҳозир Тошкентда қор ëғмоқда"

Ëзувчининг Тошкентда қор ëғмоқда¸ деган гапини қор ëғиб излар босилади тарзида йўйсак бўлаверади.

Шу пайтгача Каримовга муқобил бўлган номзодларни эслар экан академик Тошмуҳаммедов улар тақдирига ҳавас қилиб бўлмайди¸ деб қўшиб қўйди.

"2007 йил декабрдаги президентлик сайловида Каримовга муқобиллик қилган номзодларни бундай тақдир кутмайди. Ҳар ҳолда улар Оқсарой истаган шаклда муқом қилишди. Умуман сайловни демократик қилиб кўрсатиш учун махсус танланган ўйинчилар эдилар улар. Кутилганидек Каримов ғолиб чиқди"¸ - деди Бек Тошмуҳаммедов.

Баъзи хабарларга кўра¸ кўпгина сайловчилар Акмал Саидовга рағбат кўрсатишган. Бу ҳолат Саидовнинг кейинги тақдирида акс этмайдими¸ деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

"Биласизми етмишдан ошиб саксонга қараб кетаëтган Каримов энди ворис ҳақида ўйласа керак. Бу ворис Акмал Саидов бўлмайди¸ бор-йўғи шу" - деди академик Бек Тошмухаммедов.
XS
SM
MD
LG