23 декабр куни президент Ислом Каримов аксар ўзбекистонликлар ўзи учун¸ аниқроғи ўзи тимсолига айланганини даъво қилаëтган тинчлик¸ тараққиëт ва фаровонлик учун овоз беришганига ишончи комиллигини таъкидлади.
90 фоиздан кўпроғи қатнашгани даъво этилаëтган Ўзбекистон овоз берувчиларининг¸ Марказий сайлов комиссияси айтган каби¸ 90 фоизга яқини Ислом Каримов ҳокимияти яна етти йил давом этишига овоз берган бўлса¸ олдимиздаги етти йил ўзбекистонликлар учун ҳақиқий маънода тинчлик¸ тараққиëт ва фаровонлик йили бўла оладими?
Бу саволга инкор жавобини берган мустақил кузатувчилар¸ ўз қарашларини турли асосдан келиб чиқиб изоҳлайдилар. Россиялик сиëсий шарҳловчи Аркадий Дубнов ўз пессимизми Каримовнинг 18 йил давомида олиб борган сиëсати устига қурилганини айтади.
“Ҳозирги режим¸ менинг назаримда¸ ўз-ўзини ўзгартириш ëки ривожлантириш имконидан деярли маҳрум. Келаëтган йиллар давомида ютуқ¸ деб тақдим этиладиган ҳар қандай ўзгариш¸ номига ва юзаки бўлади ва Тошкент буни ҳам кўпроқ ташқи дунëга ўзини демократия ниқобига ўраб кўрсатиш илинжида қилади. Бутун фожеа шундаки¸ демократик Ғарб ҳам қолган дунë ҳам¸ бу майнавозчиликни индамай қабул қилишга мажбур. Зотан¸ ҳозирда қолган дунë учун Марказий Осиëда демократия қарор топишидан кўра¸ бу ерда барқарорликнинг сақланиб қолиши муҳимроқ. Барқарорлик эса¸ кўпчилик учун¸ мавжуд режимларнинг сақланиб қолиши демакдир”¸- дейди москвалик шарҳловчи.
Британиялик таҳлилчи Жон Маклеод Каримов режимининг тазйиқи остида қабристон жимлигини ëдга соладиган ўзбекча барқарорликнинг бутун минтақа¸ қолаверса қолган дунë учун ҳам энг жиддий беқарорлик ўчоғи эканини айтади.
“Ўзбекистонда кўп йиллардан бери¸ хусусан Каримов ҳокимиятининг 15 йилдан кўпроқ даврида тўпланиб қолган хатар шундаки¸ мамлакатда сиртдан қарасангиз Ғарб русумидаги давлат тузуми борга ўхшайди. Конституцияга кўра¸ ҳокимият бўғинлари бир-биридан ажратилган¸ ижроия ҳокимияти¸ парламент ва мустақил суд ҳокимияти бор. Аммо бу тизимларнинг бирортаси амалда ишламай келаëтганини ҳамма билади. Дунëдаги энг яхши тизимлар бу қадар обрўсизлантирилган бир мамлакатда¸ узоқ муддатда зўравонлик билан режим алмашинуви қилишга уриниш юзага чиқиши мумкин. Бундай ҳолда бош кўтарганлар¸ нафақат ўзлари нафрат қиладиган Каримовни¸ балки унинг даврида номига мавжуд бўлиб¸ амалда ишламаган тизимларни ҳам йўқ қилиб юборишлари мумкин”¸ - дейди Жон Маклеод.
Ислом Каримовнинг яна 7 йил ҳокимиятда қолиши камбағалнинг янада қашшоқлашувини¸ бир ҳовуч бойлар¸ хусусан Ислом Каримов қизлари кабиларнинг дунëдаги энг бойлар сафида қолишини англатади¸ дейди оддий ўзбекистонликлардан айримлари.
Россиялик сиëсий шарҳловчи Аркадий Дубнов¸ Каримовнинг ҳокимиятда қолиши Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятнинг янада оғирлашувини англатса-да¸ бундай танглик халқни зўравонликка ундайди¸ деган башоратларга қўшилмаслигини айтади.
“Мен¸ Ўзбекистонни ҳам яқин келажакда Туркманистон каби авторитар давлатлар тақдири кутмоқда¸ деган ўйдаман. Бундан бир йил олдин туркманбоши вафот этгач¸ Туркманистонда ҳокимият қандай алмашиб¸ мамлакат ҳаëтида нималар ўзгарган бўлса¸ Ўзбекистон яқин келажагидан ҳам шуни кутиш мумкин”¸ - дейди россиялик таҳлилчи.