Линклар

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ўтказилган президентлик сайловига муносабат билдира бошлади


Фарруҳ Юсуфий Ўзбекистонлик сайловчиларнинг 90 фоизидан ортиғи қатнашгани айтилаётган сайловларга ғарб ташкилотлари салбий баҳо бераётган бўлса, МДҲ ёки ШҲТ каби Россия назоратидаги тузилмалар уни ижобий баҳоламоқда. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти якшанба кунги овоз бериш жараёнини демократия ва эркинлик тамойилларга зид равишда ўтказилганини таъкидлаб баёнот берди.

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бошқармаси матбуот вакили Урдур Гуннарсдоттир, Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистон президентлик сайловлари қаттиқ назорат остида ўтказилганини айтди.



“Кузатувларимиздан якшанба кунги сайловлар қаттиқ назоратдаги сиёсий муҳитда ўтганини хулоса қилдик. Яъни ҳақиқий мухолифат учун имконият берилмади. Ва бу сайловлар ЕХҲТга аъзо давлатларнинг аксарияти ўз зиммасига олган мажбуриятларга зид равишда ўтказилди.”

Сизнигча, Ўзбекистон расмийлари ЕХҲТга аъзо давлатлар ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг қайсиларини беписанд қилди?

“Бу мажбуриятлар, сайловларда қатнашаётган барча номзодларга тенг имкониятлар бершдан иборатдир, масалан, матбуот воситаларидан фойдаланиш имкониятлари. 23 декабр сайловларида бир неча номзод қатнашган бўлсада, номзодларнинг барчаси иқтидордаги президентни қўллаб-қувватлагани сайловчиларни танлаш имкониядан маҳрум қилди. Номзодларнинг ҳаммаси бир овоздан иқтидордаги президентни тарғиб қилиб турса, қанақа танлаш имкони ҳақида гапириш мумкин”

Урдур хоним, кўпчилик Ислом Каримовнинг учинчи марта президентликка номзод сифатида қатнашганини конституциянинг бузулиши, дея танқид қилди, айтингчи ЕХҲТнинг бу борада позицияси қандай?

“Мазкур масала хусисида ташкилотимиз ҳеч қандай қарашга эга эмас. Бу хусусда турли қарашлар борилиги ҳақида хабаримиз бор, лекин биз бу масала юзасидан ҳеч қандай хулоса чиқармадик”

Барча нмозодлар матбуот воситаларидан тенг фойдалана олдими, сизнинг бу ҳақдаги кузатувларингиз қандай?

“Матбуотга келсак, бир томондан номзодларга ўз дастурларини тарғиб қилиш учун тенг имкониятлар берилгандек туюлди, лекин бу имкониятлар чекланганини кўриш мумкин ва асл вазиятни ўрганиб чиққанимизда, сайлов олди кампаниясида матбуотда берилган имкониятларнинг 94 фоизи Ислом Каримовга берилганини аниқладик”

Айтингчи, сайловлар давомида қонунбузарликлар рўй бергани қайд этилдими, яъни сизнинг кузатувчиларингиз бундай ҳолатларни аниқладими?

“Биз Тошкент ва шаҳардан ташқаридаги сайлов участкаларига кузатувчиларимизни юбордик. Сайловлар нисбатан сокинлик руҳида ўтган бўлсада, участкаларга кириш ваколти бўлмаган шахслар, хусусан ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик ходимлари ва бошқа расмийлар борлигини кўрдик. Кузатувчиларимизиннг деярли барчаси, сайловчилар рўйҳатида бир неча бир хил имзолар бўлганини қайд этишган, бу эса, бир сайловчининг бир неча киши учун овоз берганини англатади. Овозларни санаш пайтида ҳам қонунбузарликларга йўл қўйилди. Масалан, рақамларни тўғрилаб қўйиш ҳолларига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, сайловчиларнинг 90 фоизидан ортиғи қатнашганига оид расмий маълумотлар ҳам катта шубҳаларни уйғотади. Умуман олганда 90 фоиз сайловчининг қатнашгани ҳар доим ҳам шубҳаларга сабаб бўлади. Лекин кузатувчиларимиз сайлов участкаларидаги овоз берувчиларнинг фаоллиги суст бўлгани, баъзи ҳолларда эса участкалар бўм-бўш эканига гувоҳ бўлганини инобатга олсак, расмийлар берган бу рақамлар хавотир уйғотади албатта” – дейди ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бошқармаси матбуот вакили Урдур Гуннарсдоттир Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Айни пайтда, МДҲ ва ШҲТ каби ташкилотлардан юборилган кузатувчилар 23 декабрда Ўзбекистонда ўтказилган президентлик сайловига баҳо бермоқда.

МДҲ кузатувчилар миссиясининг етакчиси Сергей Лебедев, якшанба куни ўтказилган матбуот анжуманида, “МДҲ кузатувчилар миссияси Ўзбекистон президентлик сайловлари эркин, очиқ ва адолатли ўтказилганини” таъкидлади.

Якшанба кунги сайловни кузатгани ўзбекистонлик ҳамкасби томонидан таклиф қилинган Россия Марказий сайлов комиссиясининг раиси Владимир Чуров ҳам Ўзбекистон президентлик сайловининг юқори савияда ташкил этилганига қойил қолганини билдирди. Чуров хатто сайлов ўтказиш бўйича Ўзбекистон тажрибасини Россияга тадбиқ этиш ниятларини ҳам яширмади. Россия Марказий сайлов комиссияси раисини қойил қолдирган асосий жиҳатлардан бири “Ўзбекистонда сайлов участкаларида она ва бола хоналари ташкил этилгани бўлди”.

“Россия Федерациясининг кўп болали оилалари бор субъектларида ҳам бундай хоналарни ташкил этиш ҳақида ўйлаб кўриш лозим”, деди Чуров.

Бироқ, Россия Марказий сайлов комиссияси раиси сайлов ўтказиладиган участкаларда она ва бола хоналаридан қай мақсадларда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида тўхталмади.
XS
SM
MD
LG