Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:01

Путин Каримовни биринчилардан бўлиб табриклади


Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовни мамлакатда бўлиб ўтган президент сайловида ғалаба қозониб, навбатдаги муддатга ўз лавозимида қолгани билан табриклади.

Кремль матбуот хизматининг хабар беришича, икки давлат раҳбарлари Россия ва Ўзбекистон ўртасида эришилган кўп томонлама муносабатлар даражасига юқори баҳо берган, шунингдек, бундан кейин ҳам барча масалаларни иттифоқчилик ва ҳамкорлик кайфиятида ҳал қилишга келишиб олган.

Россиядаги “Время новостей” газетаси мухбири Аркадий Дубнов фикрича, В.Путиннинг И.Каримовни биринчилардан бўлиб табриклагани бежиз эмас.

“Россия раҳбари бу билан И.Каримовга Москва халқаро майдонда яккаланиб қолаётган Тошкент раҳбарини сайлов халқаро қонунчиликка зид ўтказилгани ва унинг қайта сайланишига етарли қонуний асослар бўлмаганига қарамай, бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаши мумкинлигига ишора қилмоқда”,- дейди А.Дубнов.

Францияда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубов В.Путиннинг табрик йўллашида ажабланарли жиҳатни кўрмаётганини таъкидлади.

“Чунки Владимир Путиннинг ўзи Россияни ҳозир жуда катта тезлик билан демократиядан узоқлаштиряпти”,- деди Т.Ёқубов.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги сайлов “ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида ўтгани ва сайловчиларга асл танлов имконияти берилмагани” учун танқид қилган эди.

Демократик мезонларга мос келмагани айтилган сайловда ютиб чиққан президент Ислом Каримов номига бошқа давлат раҳбарларидан табрик келгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Ҳар ҳолда, ҳар сайловда чет давлат раҳбарларидан йўлланган табрик мактубларни олд саҳифаларда пешма-пеш бериб келган ўзбек матбуотида бу сафар бунақа табриклар кўзга ташланмайди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати эса табрик бўлиб қолса, бу ҳақда маҳаллий матбуотда эълон қилинишини билдирди.

Балки сайлов насронийлар нишонлайдиган Мавлуд байрами кунларига тўғри келгани муносабати билан табриклар кечикаётгандир?

Толиб Ёқубов ноқонуний учинчи муддатга сайланган И.Каримов номига Ғарбнинг демократик давлатлари табрик билан эмас, танқидий баёнотлар билан чиқишига ишонишини айтади.

“Назаримда, Европа мамлакатлари, АҚШ ва бошқа демократик давлатлардан бунақа табрик бўлмайди. Чунки улар ўз манфаатидан келиб чиққан тақдирда ҳам бу ўта нодемократик сайлов бўлганини тушуниб турибди”,- деди Т.Ёқубов.

Швецияда яшовчи ўзбекистонлик журналист Тўлқин Қораев ҳам шу фикрда.

“Масалан, Скандинавия давлатлари президент Каримовнинг бу сохта сайловини умуман эътиборга молик, деб ҳисобламаяпти”,- дейди Т.Қораев.
XS
SM
MD
LG