Линклар

logo-print

1 январдан бошлаб Ўзбекистонда камида битта қонун ва президентнинг иккита фармони кучга киради.

  • Сарвар Усмон

Қабул қилинган кунларда бу ҳужжатларни мамлакат расмий матбуоти Ўзбекистоннинг демократиялашаётгани белгиси, деб баҳолаган эди.

Биринчи ҳужжат Ўзбекистон президентининг ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги фармонидир.

2005 йилнинг 1 августида имзоланган мазкур ҳужжатда 2008 нинг 1 январидан ўлим жазосининг бекор қилиниши ва унинг ўрнига умрбод қамоқ жазосининг жорий этилиши белгилаб қўйилган.

Ўлим жазоси дунёнинг кўплаб мамлакатларида бекор қилинган. Бу масала ҳар бир мамлакат жамоатчилигининг баҳс-мунозаралари объектидир.

Ўзбекистондаги Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши нодавлат ташкилоти раҳбари Тамара Чикунова Озодликка берган интерьюларидан бирида мана бундай деган эди:

“Ўлим жазосига маҳкум этилганнинг мутлақо ҳеч қандай ҳуқуқи қолмайди, жазонинг бу турини бекор қилиш билан суд хатоларини ўнглаш имкони сақланиб қолади”, - деган эди.

Мамлакат жиноят кодексининг 30дан зиёд моддасида ўлим жазоси назарда тутилган эди. Бир неча йил давомида бундай моддалар камайтириб келинди ва мана энди 1 январдан ўлим жазоси мутлақо бекор қилинади.

Ўзбекистон республикаси президентининг яна бир фармонига биноан 2008нинг 1 январидан жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказиб берилади.

Президент 2005 йилнинг 8 августида имзолаган мазкур фармонда белгилаб қўйилган бу меъёр ўта муҳим янгиликки, унга бошқа сафар алоҳида тўхталмоқчимиз.

Ҳозирча эса, эслаб қолинг, 2008 йилнинг 1 январидан жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларда бўлади.

1 январдан кучга кирадиган навбатдаги ҳужжат давлат бошқарувини демократиялаштириш ва мамлакатни модернизациялашда сиёсий партиялар ролини кучайтириш тўғрисидаги қонундир.

Демак, 1 январдан бошлаб Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг роли кучая бошлайди.

Хўш, нимаси кучаяди?

Бу саволга жавоб излаб партиялар идораларига қўнғироқ қилдик.

Ўзбекистон президентини Ўзбекистон президенти лавозимига кўрсатган Либерал-демократик партия вакили Акбархон Маъдиев “барча маълумотларни партия сайтидан олишни” маслаҳат берди.

Фидокорлар партиясининг ўзини таништирмаган вакили “бироздан сўнг” телефон қилишимизни сўради.

Бироздан кейин ҳам, узоқроқдан кейин ҳам телефон қилдик, жавоб ололмадик.


Халқ демократик партияси телефони гўшагини кўтарган йигит саволимизни диққат билан эшитди ва кутилмаганда “мен бу идорага меҳмонман, партияга алоқам йўқ” деди.

Шундан сўнг қолган икки партия Адолат ва Мллий тикланиш партиялари билан боғланишга хоҳиш ҳам қолмади.

Шундай қилиб, 2008нинг дастлабки кунидан Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ва сиёсий ҳаётида юз берадиган уч янгилик тўғрисида қисқа маълумот бердик.

Ўлим жазоси бекор қилиниши ва қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказиб берилиши ортидан милиция бўлимлари ва қамоқхоналардаги қийноқларга ҳам барҳам бериладими?

Ўзбекистоннинг ҳуқуқий биноси тўла таъмир қилинаяптими ёки пештоқигинами?

Нима учун Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг бир гуруҳи ролини ошириш учун махсус қонун қабул қилинадию бошқа бир гуруҳ партиялар қувғин қилинади?

Булар энди бошқа лавҳалар учун мавзулардир.
XS
SM
MD
LG