Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:56

Нефт ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб, АҚШ долларининг қадри пасайгани иқтисодий муаммоларга сабаб бўлмоқда.


Ортда қолган 2007 йил мобайнида дунё иқтисодиётида ўсиш ва чўкишлар тез-тез кузатилди. Жаҳон бозорида нефт, озиқ-овқат ва бошқа хом-ашъё нархи кўтарилиб борди. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда. Таҳлилчилар фикрича, ўтган йилда нархларнинг кўтарилгани иқтисодий-ижтимоий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Ортда қолган 2007 йилда жаҳон бозорида бир баррел нефт нархи салкам 100 АҚШ долларига кўтарилди.
Долларнинг бошқа валюталарга нисбатан қадри пасайишда давом этмоқда. Йил давомида АҚШ банк тизимида бўҳрон юз берди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи бир маромда қимматлашиб бормоқда. Бу аввало дунёдаги камбағаллар аҳволини янада оғирлаштирмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, буларнинг бари янги 2008 йилда дунё иқтисодиёти ривожиланишига салбий таъсир этиши мумкин. Саноати тараққий этган мамлакатлар, шунингдек Хитой ва Ҳиндистон каби ривожланаётган давлатларда нефтга бўлган эҳтиёж ошгани боис сўнгги ҳафталар ичида жаҳон бозорида бир баррел нефт нархи қарийб 100 АҚШ доллларига етди. Бозор талабини қондириш учун нефт экспорт қилувчи барча давлатларда конлар тўлиқ қувват билан ишламоқда. Мутахассислар 2008 йилда ҳам нефтнинг нархи юқори бўлишини башорат қилмоқда.

Яқин Шарқ минтақасида юзага келган таранг вазият, нефт экспорт қилиш бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллаган Эрон ҳамда АҚШ ўртасида ҳарбий можаро келиб чиқиши эҳтимоли нефт нархининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

“Нефтнинг хақиқий нархи бир неча ҳафта олдин 98 долларга кўтарилгани каби жуда юқори эмас. Буни АҚШ долларининг бошқа валюталарга нисбатан қадри пасайиб бораётгани билан изоҳлаш мумкин. Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти ОПЕК шуни бахона қилиб ишлаб чиқариш хажмини кўпайтиришга қаршилик қиляпти” – дейди Чатам Хаус тадқиқот марказининг энергия масалалари бўйича Дубай шаҳридаги таҳлилчиси Валерий Марсел.

Ортда қолган 2007 йилда глобал иқлим исиши халқаро сиёсат кун тартибида долзарб масалага айланди. Йил давомида дунё минтақаларида бўрон, тўфонлар, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар одатдагидан анча кўп кузатилгани боис халқаро жамоатчилик иқлим ўзгариши масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Марсел фикрича, ўз навбатида бу нефт нархига бевосита таъсир этиши мумкин:

“Менимча, ўрта-узоқ муддатда бу энергияга бўлган эҳтиёжга катта таъсир этиши мумкин. Иқлим ўзгариши дунё муҳитига таъсир этаётган бир пайтда ҳукуматлар ўз сиёсатини шунга мослаштиради. ОПЕК шундан хавотирда. Улар ўз бозорига таҳдид яқинлашаётганидан жиддий хавотирда”.

Франкфуртдаги Коммерзбанк таҳлилчиси Анте Префке фикрича, янги йилнинг биринчи чорагида АҚШ долларининг қадри пасайишда давом этади. Унга кўра, АҚШ банк тизимида уй кредитлари хусусида бўҳрон юзага келганига қарамай, Америка иқтисодиёти соғлом:

“Юзага келган бўҳронинг салбий таъсири ва унинг иқтисодиётга путур етказганини ҳозирга қадар аниқ кўрганимиз йўқ. Салбий таъсир фақат уй-жой қурилиши кўрсаткичларида эмас балки харидорлар ишончи ва фундаментал маълумотларда ҳам кўрина бошлайди”.

Ортда қолган йилда дунё бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам бир маромда ошиб борди. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти маълумотига кўра, 2007 йилда дунё бўйича импорт қилинаётган озиқ-овқат махсулотлари нархи 21 фоизга қимматлашиши кутилмоқда. 2007 йилда сут ва сут махсулотлари нархи 65 фоиз, буғдой 40 фоизгача ва гўшт нархи олти фоизга ошган. Бу айниқса, шундоқ ҳам оғир ҳаёт кечираётган дунёдаги камбағаллар аҳволини янада оғирлаштирди.

БМТ мутахассислари фикрича, нефт нархининг кўтарилгани транспорт хизмати қимматлашишига, қиммат бензин ўрнига арзон биологик ёнилғи ишлаб чиқариш учун хом-ашё сифатида ишлатиладиган буғдойга эҳтиёж ортгани, аҳоли сони кўпайгани сабабли яна буғдойга талаб ортгани, айрим давлатларда аҳоли турмуш даражаси анча кўтарилгани ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашишига сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG