Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:01

Толибон ҳаракати Афғонистонда қайта қуриш ишларига халал бермоқда.


Афғонистондаги АҚШ ва НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар учун ортда қолган 2007 йил Толибон ҳаракати 2001 йил охирида ҳокимиятдан ағдарилганидан бери энг кўп талафот кўрган йил бўлди. Толиблар жангларда катта талафот кўраётганига қарамай, қурбон бўлганлар ўрнини Покистон ва Афғонистондан ёлланган кишилар эгалламоқда. Афғонистонда худкуш ҳужумлар кўпайган сари тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ҳам ортмоқда. Айрим муҳим лойиҳалар ҳозиргача амалга оширмагани халқаро ҳамжамият хафсаласини пир қилмоқда.

Афғонистонда амалга оширилаётган 14 мингдан зиёд қайта тиклаш лойиҳалари орасида Кажаки тўғонидаги гидроэлектр станциясини ишга тушириш НАТО расмийларига кўра, муҳим стратегик ва психологик аҳамиятга эга.

2007 йил бошида НАТО Афғонистон жанубида жойлашган Хилманд вилоятидаги мазкур гидроэлектр станцияни қуриб битириш учун унга туташ ҳудудлар хавфсизлигини таъминлашни асосий вазифалардан бири деб белгиланганини эълон қилган эди.


НАТО Бош котиби Яаап де Хууп Схеффер март ойида қилган чиқишида Афғонистондаги хавфсизлик Кажакига турбиналар олиб келиш учун зарур бўлган йўл қурилишида ишчилар бемалол ишлашлари учун толиблар жанггариларини бу ҳудудга яқин келтирмаслик билан ўлчанишини айтган эди:

“Тўғонга турбина ўрнатилганда у Хилманд ва Қандаҳор вилоятидаги икки миллион аҳоли ва тадбиркорни электр билан таъминлайди. Юзлаб деҳқон экин суғориши учун станция уларни сув билан таъминлайди, шунингек, икки мингта янги иш жойи яратади. Толиблар, бузғунчилар бу лойиҳани тўхтатиш учун станцияга ҳар куни ҳужум қиляпти”.

Кажакида ишлаётган Америкалик мутахассислар ҳам 2008 йилгача таъмирланган станция аҳолига электр қуввати узата бошлашини айтган эди.

НАТО расмийлари жанг майдонида муваффақиятга эришилаётганини иддао қилганига қарамай, толиблар Кажакини Герешк шаҳри билан боғлайдиган йўл қурилишига ҳалал бермоқда. Агар йўл қурилиши тугалланмаса, гидроэлектр станциясига ток ишлаб чиқарадиган турбинани олиб бориб бўлмайди. Бу эса хориж қўшинлар 2007 йилда белгилаган асосий мақсадига эриша олмади, деган гап.

Афғонистондаги чет эл қўшинлари фақат Кажакида ўз мақсадига эриша олмаётгани йўқ. Оқ Уйнинг махфий ҳужжатларидан қўлга киритган маълумотларга асосланиб “Вашингтон Пост” газетасининг ноябрь ойида тарқатган хабарига кўра, 2007 йилда Афғонистонда амалга оширилган ҳарбий амалиётлар АҚШ ҳарбийлари белгилаган стратегик мақсадлар талабига жавоб бермаган.

Миллий Хавфсизлик кенгаши ҳужжатида АҚШ ва НАТО етакчилигидаги кучлар толибларга қарши жангларда муваффақиятга эришгани аммо жанггарилар ўз сафларини тезда кўп сонли янги жангчилар билан тўлдиришга муваффақ бўлгани билдирилган.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Афғонистондаги дастури раҳбари Иоанна Натан ўз ташкилоти ўтказган тадқиқотлар ҳам шуни кўрсатганини айтади. Натан бу Толиблар Афғонистондаги шаҳарларни босиб олиш ва назорат қилиш имкониятига эга эканини англатмаслигини таъкидлади. Аммо Натанга кўра, толибларнинг тактикаси қайта қуриш ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш ишларини секинлаштириши мумкин:

“Мен дунё жамоатчилиги сергак тортиб ҳозир Афғонистонда вазият жиддий эканини англай бошлайди деган умиддаман. Биз мамлакатнинг қарийиб ярми, яъни, жанубий ва шарқий ҳудудлар террор қилинаётганини кўряпмиз. Улар бу ҳудудларни назорат қилаётган кўп сонли армия кучлари эмас, балки кам сонли жанггари гуруҳлар. Улар содир этаётган зўравонликлар сабабли ўша ҳудудда яшовчи аҳолига гуманитар ёрдам етказишнинг имкони бўлмаяпти. Ҳукуматнинг қўли у ерларга етмайди”.

Кобул расмийларига кўра, НАТО ёки АҚШ етакчилигидаги кучларнинг ҳаводан уюштирган ҳужумлари оқибатида тинч аҳолидан юзлаб одам қурбон бўлганидан оддий афғонистонликларнинг ғазаби ошмоқда. Афғонистон расмийларига кўра, бу толибларнинг ўз сафига янги жангчилар ёллашида қўл келмоқда.

Ортда қолган 2007 йилда Афғонистонда 140дан ортиқ ҳудкуш ҳужумлар амалга оширилгани оқибатида 200дан ортиқ тинч аҳоли нобуд бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ комиссари Луис Арбор ноябр ойида Афғонистонга сафари чоғида тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлишида ҳам толиблар ҳам хориж қўшинлари айбдор эканини айтди. Унга кўра, президент Ҳамид Карзайнинг ҳукуматига путур етказиш мақсадида толиблар атайин тинч аҳоли жумладан ўқитувчилар ва гуманитар ёрдам кўрсатаётганларга қарши худкуш ҳужумлар амалга оширмоқда. Арбор хонимга кўра, НАТО ёки коалиция кучларининг ҳаво ҳужумлари оқибатида 2007 йилда нобуд бўлган тинч аҳоли сони таҳликали даражага етган:

“Халқаро тинчликпарвар кучлар қўмондонлари билан учрашув чоғида мен уларни тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб бораётганидан хабардор эканликларини тан олишни талаб қилдим. Улар буни қабул қилиб аҳоли орасида талафот кам бўлиши учун превентив чоралар кўрилиши кераклигини маълум қилишди” – деди БМТ расмийси.

Айни пайтда 2007 йил Афғонистондаги АҚШ ва НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар учун Толибон ҳаракати 2001 йил охирида ҳокимиятдан ағдарилганидан бери энг кўп талафот кўрилган йил бўлди. 2007 йилнинг 11 ойи давомида Афғонистонда 240дан ортиқ хорижлик ҳарбий халок бўлди. НАТО Бош котиби Яаап де Хууп Схеффер коалиция кучлари Афғонистон ҳукумати қўшинларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш соҳасига етарлича эътибор қаратмаганини тан олди.
XS
SM
MD
LG