Линклар

logo-print

Ўзбекистон қўшни давлатларга газни янги нархда сота бошлади.

  • Ҳурмат Бобожон

Эришилган келишувга кўра, Тожикистон ва Қирғизистон ҳар минг куб метр ўзбек гази учун 145 АҚШ доллар миқдорида ҳақ тўлайди. Бу аввалги нархга қараганда 45 долларга кўпдир. Шунингдек, Ўзбекистон Қозоғистоннинг "КазТрансГаз" ва Россиянинг "Газпром" ширкатлари билан ҳам газ нархи борасида келишувга эришган, аммо бу ширкатлар билан эришилган янги нарх сир сақланмоқда. Ўзбекистон томони газнинг 1000 кубометри учун тўланадиган ҳақни 100 АҚШ долларидан 185 долларга кўтаришни талаб қилган эди.

Узоқ давом этган сўзлашувлардан сўнг Ўзбекистоннинг "Ўзбекнефтегаз" ва Тожикистоннинг "Тожикгаз" ширкатлари газ нархи борасида келишиб олдилар. Эришилган шартномага кўра, Тожикистон Ўзбекистон газнинг ҳар минг куб метри учун 145 АҚШ долларида ҳақ тўлайдиган бўлди. Бу ўтган йилги нархдан 45 долларга кўпдир. Шартномада Ўзбекистоннинг Тожикистонга йил давомида 650 миллион куб метр газ узатиши, лозим бўлган тақдирда бу ҳажм кўпайтирилиши кўзда тутилган.

Ўзбекнефтегаз холдинги Қирғизистон билан ҳам газ нархи борасида келишган. Қирғизистон бош вазири Игорь Чудинов "Озодлик" мухбири билан суҳбатда ўзбек газининг янги экспорт нархи ҳар минг куб метри учун 140-145 АҚШ доллар нархда келишилганини айтди.

"Газ нарзи 140-145 АҚШ доллари нархида белгиланди. Бизга маълум бўлишича, Россия томони билан газ нархи 160 долларга келишилган. Шу боис бизга таклиф этилган бу нарх унчалик юқори эмас", - деди Чудинов. Қирғизистон билан келишувга кўра, Ўзбекистон томони бу давлатга йил давомида 950 миллион куб метр газ узатиш мажбуриятини олган.

Шунингдек, Ўзбекистон Қозоғистоннинг "КазТрансГаз" ва Россиянинг "Газпром" ширкатлари билан ҳам газ нархи борасида келишувга эришган. "Газпром" Ўзбекистоннинг "Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг ширкати билан 2008-йил учун ўзбек гази ва транзит нархларининг янги тарифлари борасида келишувга эришганини айтган, аммо газнинг янги нархини ошкор этмаган.

Россиянинг газ монополиячиси ҳисобланган Газпром вакили Сергей Купрянов ушбу нарх коммерция мақсадларида сир тутилаётгани ва "минтақадаги бозор шартларига тўғри келади" деб айтган. Ўзбекистон Россияга 13 миллиард кубометр газ экспорт қилади. "Газпром" сотиб оладиган ўзбек газининг бир қисми Россиянинг ўзидаги истеъмолчиларга сотилади, каттароқ қисми эса янада юқорироқ нархда Европага қайта сотилади.

2007-йилда "Газпром" ўзбек газининг ҳар минг кубометрини 100 АҚШ долларидан сотиб олиб, Европадаги мижозларга 300 доллардан қайта сотган. Ўзбекистон томони бу йилдан газнинг 1000 кубометри учун тўланадиган ҳақни 100 АҚШ долларидан 185 долларга кўтаришни талаб қилган эди.

Қозоғистоннинг "КазТрансГаз" ширкати ҳам Ўзбекистон билан келишилган газ нархини сир тутмоқда.

Ўзбекистонда йилига 60 миллиард куб метргача газ қазиб олиниб, унинг тахминан 12 миллиарди экспорт қилинади. 2006 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон газ экспортидан 883 миллион доллар фойда кўрган бўлса, ўтган йилнинг дастлабки 6 ойида бу кўрсаткич бир миллиард 883 миллион доллардан ошган. Бунга Ўзбекистон экспорт ҳажмини кўпайтирмасдан, газ нархини ошириш туфайли эришган.

Аммо Ўзбекистоннинг газ экспортидан кўраётган даромади ортиб бораётгани мамлакат халқи ҳаётида акс этмайди. Аксинча, газни четга экспорт чилувчи бу давлатнинг аксар аҳолиси қишда газ танқислигидан жабр кўради. Қийналиб кетган одамлар газ етишмовчилиги муаммосига ҳукуматнинг эътиборини қаратиш ва шу йўл билан “зангори олов”ни уйларига олиб кириш учун стихияли пикетлар ва митинглар қилиб, автомагистрал йўлларга чиқиши ҳар йили такрорланади.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг аввалроқ эълон қилинган ҳисоботида Марказий Осиёнинг бой энергетика ресурслари минтақада беқарорликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида билдирилган эди. Бугунги кунда Қозоғистон энергетика экспортидан тушаётган даромадларини халқ фаровонлиги йўлида сарфлашнинг уддасидан чиқмоқда. Аммо минтақанинг Ўзбекистон ва Туркманистон каби авторитар давлатларида газ ва нефть экспортидан кўриладиган даромад фақат у ердаги элитани бойитмоқда.
XS
SM
MD
LG