Линклар

Ўз президентлик ваколатларини 7 йилга узайтирган президент Ислом Каримов илк бор бу лавозимда умрбод қолиш ниятида эканига ишора қилди. Каримов Ўзбекистон халқига йўллаган янги йил табригида умрбод хизмат қилишдан бошқа мақсади ҳам, ҳаёти ҳам йўқлигини айтди.

Президентнинг бу баёноти айрим тахлилчиларга кўра, Ўзбекистонни узоқ турғунлик ёки Туркманистондаги “бошизм” томон етаклайди. Мухолифат етакчилари эса И.Каримовнинг умрбод тахтда қолиш ниятини самимий билдиргани аслида режимнинг охирлаб қолганидан далолатдир демоқда.

Ўзбекистондаги президентлик сайлови арафасида Каримов телевидениеда одатдагидан кўра тез-тез кўринди, узоқроқ нутқ сўзлади ва журналистлар билан суҳбат қурди. Каримовнинг келаси 7 йил давомида президент бўлиб қолиши кўп жиҳатдан маълум эди. Бироқ унинг сўзларида бундан ҳам узоқни кўзлаган режаларни кўпчилик пайқамади.

Конституция куни муносабати билан қилган мурожаатида Каримов илк бор ўз ҳаётини хизмат муддати билан ўлчагандек эди. “Мен учун сизга хизмат қилишдан бошқа мақсадим ҳаётим ҳам йўқ десам кўнглимдаги гапни айтган бўламан” – деди И. Каримов.

Гулдирос қарсаклар билан қарши олинган бу сўзлар Каримовнинг янги йил муносабати билан қилган мурожаатида янада ойдинлашди. Дунёдаги деярли барча давлат раҳбарларидан фарқли ўлароқ бу гал ҳам Каримов ўз мурожаатини ўзи ўқиб эшитирмади. Лекин Ўзбекистондаги иқтисодий кўтаринкилик ва маошларни 2009 йилга қадар икки баробарга кўтариш ваъдалари билан безалган табрикнинг кулминацион нуқтасида Каримов халққа УМРБОД хизмат қилиш мақсадида эканини айтиб юборди ва бу кўнгилидаги гап эканини таъдидлади.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, Каримов бу гаплари билан айнан президентлик курсисида умрбод қолишни назарда тутган.

“Бундан кейин тўртинчи марта сайловлар бўлмайди. У ёки референдум қилиб президентлик муддатини узайтиради ёки Олий мажлис ёрдамида конституцияга ўзгартириш киритади”- дейди Т. Йўлдошев.

Умрбод хизматда қолиш режасини ошкор этган президент Каримов ўз баёноти билан мулохифат етакчиларини хайрон қолдирмади. Мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, Каримов ўз баёноти билан партиянинг узоқ йиллик башоратларини тасдиқлади ҳолос.

“Бу баландпарвоз ибора эмас. У ҳақиқатан ҳам ичидаги сирини фош қилди. То ўлгунимча шу креслода ўтираман, деган гапни халққа эълон қилди. Аслида унинг шу ният билан сайлангани ҳеч кимга сир эмасди. Биз эса, бу гапларни айтса ҳам, айтмаса ҳам унга қарши курашни давом эттирардик, давом эттиряпмиз ҳам”- деди М. Солиҳ.

Ўзбекистон мухолифатчилари эҳтимол курашни давом эттирибгина қолмасдан уни кучайтирар деган ҳулосага бориш мумкин. Зеро, 70 ёшли президент Каримовнинг умрбод хизмат қилиш тўғрисидаги риторикаси унинг умри тугаб бораётганига ҳам бир ишора бўлиши мумкин. “

“70 ёшли Каримов қайта сайланганидан кейин унинг умрбод қолиш ниятида ҳақида ким ҳам шубҳа қиларди. Каримов 77 ёшга бормаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун ҳозирнинг ўзида у умрбод президентликка сайланди деб ҳисобласа бўлади. Унинг ҳукмронлик даври ҳали ҳеч қанчон бунчалик охирламаган эди” – деди “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова.

Лекин президент Каримов ҳеч қачон ўз саломатлигидан шикоят қилмаган. Аксинча, у ўзининг касаллиги борасидаги хабарларни рад этиб, ишонмаганларни теннис майдончасига таклиф қилиб келади. Каримовнинг президентлик даври ҳали неча йилга чўзилиши мавҳум масала эса-да, тахлилчилар бу давр мобайнида ҳеч қандай ислоҳотларнинг амалга оширилмаслигини аниқлик билан айтмоқда. Марказий Осиё давлатлари бўйича тахлилчи Мурод Эсенов фикрича, Ўзбекистон шу маънода қўшни Туркманистондаги “бошизим” томон ҳаракат қилаётир.

“Каримовнинг умрбод ҳокимиятдаги даври, назаримда қўшни Туркманистонда бўлгани каби типик турғунлик билан кечади. Ниёзов даврида ҳам ҳеч қандай ислоҳотлар амалга оширилмаганди. Унинг ўлимидан кейингина жиддий ислоҳотлар учун йўл очилди”- дейди М. Эсенов.

Бироқ Ниёзовнинг тўсатдан вафот этиши Каримов учун муайян хулоса чиқаришга имконият берди. Каримов Ўзбекистоннинг ўзидан кейинги йўналишини кўп жиҳатдан ўзи белгилаб бериши мумкинлигини англайди. Шунинг учун ҳамма нарса унинг қандай сиёсий мерос қолдиришига ва кимни ворисликка танлашига боғлиқ бўлади.

Рустам Азимовнинг 2 январ куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари - Молия вазири, иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар мажмуаси раҳбари этиб тайинланиши шу томон ташланган қадаммикан!?
XS
SM
MD
LG