Линклар

Таниқли актер Александр Абдулов Москвадаги Бакулов номидаги юрак томир жарроҳлиги марказида ўпка саратони касалидан вафот этди. "Юнона ва Авос"¸ "Бремен машшоқлари"¸ "Жаноза оҳанглари"¸ "Уста ва Маргарита" каби филмларда 140 дан зиëд роллар ижро қилган Александр Абдулов Россиядаги энг урф бўлган актерлардан бири эди.

Эндигина 54 ёшга кирган Александр Абдуловнинг болалик ва ёшлик даври Ўзбекистонда, Фарғона шаҳрида ўтган. Фарғона вилоят маданият бошқармаси мулозими Абдураҳим Комилов марҳум Абдуловни яхши эслайди.

"Раҳматлик билан бирга ишлагандик. Унинг ота-онаси Фарғонадаги театрда ишлаб ўзбек маданиятига катта ҳисса қўшган”.

Абдуловни Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов яҳши сўзлар билан эсга олди.

"У ҳар йили Фарғонага келиб ўзи ўсган ерга таъзим қилар эди. Бултур ҳам келган эди. Энди кела олмайди. Абдулов хассос санъаткор сифатида тарихга кирди."

Ҳозирда Фарғона кўчаларининг бири Александрнинг отаси Гавриил Абдулов номи билан аталади. Фарғонадаги рус драма театрига ҳам Абдулов номини бериш режаланган дейди Фарғона вилоят маданият бошқармаси мулозими Абдураҳим Комилов.
XS
SM
MD
LG