Линклар

logo-print

2007 йил Ўзбекистондаги авфдан мосуво қолганлар

  • Замира Шукур

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича¸ президент маъқуллаган ҳужжат¸ мамлакат конституцияси қабул қилинганлигининг 15 йиллиги муносабати билан эълон этилган амнистия ижросига оид тафсилотлардан иборат. Айни кунларда мазкур амнистия бўйича авф этилганларни озодликка чиқариш жараëни бормоқда.

Ҳозир шу қарорнинг ижроси кетяпти ва у январ ва феврал ойларида амалга оширилади. Демак, амнистияга туширилганлар чиқади¸ туширилмаганлар чиқмайди.

Хўш¸ айни кунларда президент томонидан авф этилиб¸уйига қайтаëтган маҳбуслар кимлар? Бу саволга Ўзбекистонлик яна бир ҳуқуқ фаоли Улуғбек Усмонов қисқа жавоб беради: Охирги икки йил ичида чиқаëтганларнинг аксарияти тоза жиноятчилар.

“Айни пайтда йиллардан бери амнистия қўлланилмайдиган бир қатлам борки¸бу галги президент авфи ҳам яна уларни четлаб ўтиши аниқ” - деб давом этади У.Усмонов.

Охирги икки йилни ичида мухолиф кайфиятдаги сиëсий арбоблар¸ҳур фикрли журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари амнистияга туширилмаяпти.

“Қоғозда¸ қолаверса оммавий ахборот воситалари орқали фаолияти тақиқланган диний оқимларга аъзоликда айбланиб қамалганлар ҳам¸ ўз айбига тавба қилиб¸тўғри йўлга кирганини билдирса¸президент уларни авф этади дейилишига қарамай¸айнан президентдан тушаëтган кўрсатмага мувофиқ¸ бундайлар амнистия қилинмайдилар” – дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 159-моддаси яъни диний эътиқоди учун ëки сиëсий айблар билан қамалганларни, улар кечирим сўраган тақдирда ҳам, амнистияга туширмаслик бўйича қарор президент маҳкамасидан келяпти.Шунинг учун уларга нисбатан ҳеч қандай енгиллаштириш қўлланилмаяпти. Бу нарса деярли икки йилдан бери бўлаëтган ҳол.

Ўз ўғли “Ҳизбут-таҳрир” диний ташкилотига аъзоликда айбланиб¸ узоқ йил озодликдан маҳрум этилган У.Усмоновга кўра¸ ҳукумат ўзига таҳдид деб биладиган сиëсий ва диний эътиқоди учун қамалганларни амнистияга туширмаслик йўллари жуда осон.

Диний ëки сиëсий айблар билан қамалганларга ҳозир шундай тажриба қўлланиляптики¸ улар вақти-вақти билан текширилади.Маҳбус лезвия сақламаган бўлиши мумкин, лекин “тасодифан” уни тўшагини тагидан лезвия чиқиб қолади.Ëки кимдир унинг ëтиш вақтидан кейин намоз ўқиëтганини кўриб қолади. Мана шулар амнистияга туширилмасликка етарли асос бўлади.

Ҳуқуқ фаолларининг бу каби кузатишлари¸қолаверса¸ йиллардан бери ҳар амнистияда президентга тавба-тазарру қилишларига қарамай¸ ундан мосуво қолаëтган маҳбуслар ҳикояларига қарамай¸ Тошкентлик Шоҳида опа айни кунларда некбинлик билан яшамоқда. Унинг биттаю битта ўғли фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланиб¸ 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. ”Жазонинг бир ярим йилини ўтаб бўлган ўғлим ўтган амнистияда ҳам¸бу галгисида ҳам ўз хатосидан сабоқ чиқарганини ëзиб берди. Яқин кунларда ўғлимнинг бағримга қайтишига умид қилиб¸ йўлга қараб ўтирибман” - дейди Озодлик билан суҳбатда Шоҳида опа.

Ўғлим динни билгани учун бир-иккита жиянларига давлатдан берухсат ноқонуний дарс берган. Ноқонуний дарс берганлигим¸ нотўғри йўл тутганлигим учун кечиринглар деб хат ëзиб берган. ИИВдан бошлиқлар¸ диний идорадан вакиллар келиб суҳбат қилишибди.Комиссия тузилибди. Худо ҳоҳласа амнистия қўлланилса чиқиб кетар.Ҳар ҳолда тавба қилаяптику. Ҳамма айбларини бўйнига олибди.Умидим энди президент амнистиясидан.Ўзим 2-гуруҳ ногирониман.Уйда ўтираман. Ëлғиз ўғлим.Қизларимни узатганман. Мана кеча телевизорда амнистия билан чиққан аëлларни кўрсатишди. Ўғлимни чиқишига умид қилиб ўтирибман.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Шоҳида опа каби яқинлари авф этилишига умид қилиб¸Оллоҳ ва президент деб ўтирган минглаб ўзбекистонликларнинг¸ бу галги амнистияда яна бир бор ҳафсалалари пир бўлишини айтади.

“Диний ва сиëсий эътиқоди учун қамалганлар¸ҳар қанча тавба қилмасинлар¸ Ўзбекистон президенти¸у асос солган режим¸ўзгача фикр таъмини татиб кўрганларга барибир ишонмайди ва уларни ўзига таҳдид деб билишда давом этаверади” – дейди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG