Линклар

Солиқлар камайиши иқтисодиётга қандай таъсир этади?

  • Ҳасанжон

Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб янги солиқ кодекси кучга кирди. Сўнгги йилларда мамлакат солиқ тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар самара бераётгани айтилмоқда. Мутахассислар фикрича, солиқ тўловининг камайиши ва соддалаштирилиши иқтисодиёт ривожланишида мухим аҳамиятга эга.

Мустақил иқтисодчи Комрон Алиев Ўзбекистондаги солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни қисқача шундай бахолади.

“Бунинг диққатга сазовор жихати шундан иборатки, биринчидан умумий қўшимча қиймат солиқлари камайтириб бориляпти. Иккинчидан, даромат солиқлари ҳам камайтириляпти. Кичик тадбиркорлик субъектларига ҳам содда йўллар билан солиқлар тўлаш имконияти яратиляпти. Бу ерда гап ягона солиқ тўлови ҳақида боряпти. Бу солиқ бир қанча солиқлар ўрнига чиқарилган. Масалан, мулк солиғи, даромад солиғи, қўшимча қиймат солиғи, буларнинг ҳаммаси ўрнига кичик себъектлар енгилроқ солиқ тўлаш имкониятига эга. Ҳозирда, янглишмасам, ягона солиқ миқдори 10 фоиз қилиб белгиланган. Бу аввалги йиллардагидан кам” – дейди К.Алиев.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Виктор Ивонин фикрича, солиқнинг камайиши тадбиркорликни ривожлантириш баробарида ҳукуматни мудофаа, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, маориф каби муҳим соҳалар учун зарур бўлган улкан ҳаражатларни қоплаш учун маблағни бошқа манбадан топишга мажбур қилади. Шу боис солиқларни камайтириш пухта ўйланган ҳолда амалга тадбиқ этилиши керак.

“Солиқларнинг камайтирилиши бир томондан тадбиркорликни рағбатлантиради, бошқа томондан давлатни бошқа даромад манбаларини излашга мажбур қилади. Агар солиқ миқдори кескин камайса, биз бошқа соҳанинг моддий базасига путур етказган бўлишимиз мумкин. Масалан, агар ёшлар тарбияси учун маблағ сарфламасак, 15 – 20 йилдан кейин йўқотишга учраймиз. Шунинг учун солиқлар миқдорини камайтириш ҳар доим пухта ўйланган ҳолда, мувозанат сақланган ҳолда амалга ошиши керак” – дейди иқтисодчи Ивонин.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда солиқлар сони, хусусан даромад солиғи, қўшимча қиймат солиғи ва бошқа солиқлар миқдори камайтирилаётганини таъкидлаган Комрон Алиев бундан бир неча мақсад, жумладан ички маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, кичик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби мақсадлар кўзланганини айтади. Унга кўра, солиқ тизимида ислоҳотлар ўтказишдан кўзланган бошқа мақсад аҳолига янги иш жойлари яратишдан иборат.

“Солиқлар миқдорининг камайишидан асосан майда тадбиркорлар фойда кўради. Мустақилликнинг дастлабки 10 йили давомида чет эл инвестицияларини жалб этиш мақсадида йирик тадбиркорларга катта имтиёзлар берилган. Ҳозир ўтказилаётган ислоҳотлар кичик тадбиркорларни қўллаш ва янги иш жойлари яратиш учун имконият яратишдан иборат” – дейди ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи К.Алиев.
XS
SM
MD
LG