Линклар

logo-print

Беназир Бҳуттонинг ўлдирилгани АҚШ-Покистон муносабатига таъсир этадими?

  • Озодлик

Покистон собиқ Бош вазири Беназир Бхуттога суиқасд уюштирилганидан кейин АҚШнинг Покистондаги демократ иттифоқчиси қолмади. Энди Америка Покистон мухолифатининг бошқа раҳбарлари билан алоқани мустаҳкамлаши керакми? Бҳуттонинг вафотидан сўнг Покистондаги барқарорлик сақланиб қолиши учун АҚШ нима қилиши керак? Озодлик радиоси мухбири Андрю Талли шу ва бошқа саволлар билан Америка ташқи сиёсати бўйича етакчи таҳлилчига мурожаат қилди.

Покистон мухолифати раҳбарларидан бири, собиқ бош вазир Беназир Бҳутто 27 декабрь кунги суиқасддан кейин Равалпинди шаҳридаги касалхонада оламдан ўтди. Бу хабарни эшитган Бҳутто тарафдорлари фарёд чекдилар.

Беназир Бҳуттонинг ўлими нафақат унинг тарафдорларини ўз етакчисидан жудо қилди балки, АҚШни ҳам Покистондаги демократик мухолифат раҳбаридан айирди.

2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши ҳужум уюштирилганидан бери АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти Покистон президенти Парвез Мушарраф билан терроризмга қарши урушда яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бироқ Вашингтон расмийлари Покистонда демократияни қайта тиклашда ёрдам бериш учун сўнгги ойларда Беназир Бҳуттони сайловда иштирок этишга даъват қилиб келди. Бҳутто ўлдирилганидан кейин Покистонда вазият барқарорлашишига имконият яратиш учун Марказий сайлов комиссияси 8 январга белгиланган парламент сайловини 18 февралга кечиктирди.

Бҳуттога қарши бир марта суиқасд уриниши бўлганини била туриб АҚШ мухолифатнинг бошқа раҳбарлари билан ҳам муносабатни мустаҳкамлаши керакмиди?

АҚШ Давлат департаменти ва Мудофаа вазирлигининг разведка масалалари бўйича собиқ таҳлилчиси, ҳозирда Вашингтондаги Стратегик тадқиқотлар марказининг ходими Антони Кордсмен Озодлик мухбири билан суҳбатда Покистондаги бошқа бирорта мухолифат раҳбари Беназир Бҳутто сингари халқнинг қўллаб-қувватлашига эга бўлмаганини айтади. Покистон собиқ Бош вазир Навоз Шариф бундан мустасно бўлиши мумкин.

Кордсмен фикрича, яқинда Саудия Арабистонидан сургундан қайтган Шарифнинг президент Парвез Мушарраф билан муносабати яхши эмас. Шу боис ҳукумат билан муросага келган Бҳуттони қўллаб-қувватлаш орқали АҚШ Покистон халқи учун энг мақбул бўлган сиёсий раҳбарни танлаган:

“Агар Покистондаги нисбатан дунёвий қарашдаги сиёсатчилар рўйхатига назар ташласангиз, Бҳуттога муқобил бўлган сиёсатчини кўрмайсиз” – дейди америкалик таҳлилчи.

Кордсменга кўра, Америка Покистондаги сиёсий раҳбарларни қўллаш баробарида президент Парвез Мушаррафни ҳам сайлов ўтказиш, фуқаро президент сифатида ўзини ҳарбийлардан узоқроқ тутиш, ҳарбийлар эътиборини жанггариларни тугатиш масаласига қаратишга даъват қилиб келган. Кордсмен Вашингтон расмийлари Покистон ички ишларига аралашаяпти деб ўйлаш тўғри эмаслигини айтади. Унга кўра, Покистон келажаги Покистон халқи, ҳукумати, қуролли кучлари ва хавфсизлик хизматлари қўлида.

Америкалик таҳлилчи президент Парвез Мушарраф ҳокимият тепасида қанча муддат қолишини башорат қилиш мушкул эканини айтади:

“Агар сайлов бўлиб ўтса, Мушаррафни ҳокимиятдан четлатиши мумкин бўлган унга қарши ҳукумат тузилиши мумкин эди. Бу асосан Мушаррафни ҳарбийлар ҳимоя қилиши ёки ҳимоя қилмаслигига боғлиқ бўларди. Мушаррафнинг ҳокимиятда қанча муддат қолишини сайлов натижалари белгилайди” – дейди америкалик таҳлилчи Антони Кордсмен Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG