Линклар

5 январь куни Грузияда муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказилди. Бир неча ҳафта олдин истеъфога чиққан Михаил Саакашвили янги муддатга президентликка сайланиш ниятида. Саакашвилидан ташқари яна олти номзод президентликка даъвогарлик қилмоқда. Улар орасида мухолифат гуруҳлари коалициясининг ягона номзоди Леван Гачечиладзе ҳам бор.

Грузияда президентлик сайлови бошланиши арафасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг аксари Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлашини кўрсатган. Сўров натижалари Саакашвилидан кейинги ўринни Грузиядаги мухолифат гуруҳлари коалициясининг ягона номзоди Леван Гачечиладзе эгаллаганини кўрсатган. Грузия фуқароларнинг 50 фоиздан кўп овозини олган номзод 5 январь кунги президентлик сайловининг ғолиби деб эълон қилинади.

Агар ҳеч қайси номзод сайловчиларнинг 50 фоиздан кўп овозини олмаса, икки ҳафтадан кейин Грузия фуқаролари биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган номзодлардан бири учун овоз берадилар.

Сайлов участкасига борган фуқаролар президентни сайлашдан ташқари мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиши ва 2008 йилнинг апрел ойида парламент сайлови ўтказилиш ҳақидаги таклифлар хусусида ҳам фикр билдириши керак. Тахминан беш миллион аҳолига эга бўлган Грузиядаги сайлов участкалари 5 январь куни Тошкент вақти билан соат 21:00да ёпилиши режаланган.

Грузиядаги президентлик сайловини юзлаб хорижлик меҳмонлар кузатмоқда. Улар орасида Қирғизистондаги “Демократия ва фуқаролик жамияти коалицияси” номли ноҳукумат ташкилоти вакили Бурул Усмоналиева ҳам бор:

“Сайлов участкаларига жуда кўп овоз берувчилар келяпти. Кўпчилик сайловчилар рўйхатига киритилмаганидан шикоят қиляпти. Маҳаллий сайлов участкалари ходимлари ўз вазифасини тўғри, хушмуомалалик билан ва дўстона кайфиятда бажаряпти” – деди Усмоналиева.

Қирғизистонлик кузатувчи Озодлик радиосига берган интервьюсида Грузия ёшларининг аксари Михаил Саакашвилига овоз бериш ниятида эканини бироқ катта ёшдагилар унга қарши эканини айтди.

Грузиядаги президентлик сайлови жараёнини кузатаётган Озодлик радиосининг Грузин хизмати раҳбари Давид Какабадзе ҳам овоз бериш жараёнида қонунбузарлик кузатилаётганини айтди:

“Сайловда техник камчиликларга йўл қўйилгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Айрим вилоятлардаги бази сайлов участкалари белгиланган муддатдан кечроқ очилган. Бир вилоятдаги мухбиримиз сайлов участкаларидан бирининг раҳбари кузатувчилар билдирган эътирозни рад этганини хабар қилди” – дейди Давид Какабадзе.

Унга кўра, Грузияда қалин қор ёққани сайловчилар сонига таъсир этиши мумкин.

Мухолифат гуруҳлари коалициясининг президентликка ягона номзоди Леван Гачечиладзе мухолифат кўтаринки рухда эканини айтди:

“Биз яхши кайфиятдамиз ва курашга тайёрмиз. Мен Грузиянинг етакчи ва энг муҳим номзодига овоз бердим. Бу сайлов катта фаоллик билан ўтмоқда. Овоз бериш жараёнида қонунбузарликка йўл қўйилгани ҳақида хабарлар олинмоқда. Аммо сафдошларим бунга зудлик билан жавоб беришга тайёр” – дейди Гачечиладзе.

Грузиядаги президентлик сайловининг дастлабки натижалари 6 январ куни эълон қилиниши режаланган.
XS
SM
MD
LG