Линклар

Ҳукумат қарорлари ноқонуний мигрантлар кўпайишига олиб келяпти


Қозоғистонда хорижлик, хусусан, ўзбекистонлик қонуний ва ноқонуний меҳнат муҳожирлари хизматидан нафақат оддий иш берувчилар, балки нуфузли етакчи компаниялар ҳам фойдаланаётгани маълум бўлмоқда.

Куни-кеча Темиртов шаҳри прокуратураси матбуот хизмати мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган “Централ Азия Цемент” корхонасида ўзбекистонлик 72 нолегал меҳнат муҳожири ишлаётгани аниқлангани ва улар юртига депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатди.

Ўзбекистонликлар қаторида бу корхонада Буюк Британиянинг бир фуқароси ҳам маслаҳатчи лавозимида ноқонуний ишлаётгани аниқланди, у ҳам юртига жўнатиб юборилди.

Қозоғистондаги етакчи корхоналарни меҳнат муҳожирлари хизматидан ноқонуний фойдаланишга мамлакат қонунчилигидаги номукаммалликлар мажбур этаётгани айтилади.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси вакиласи Виктория Тюленева Қозоғистон ҳукумати хорижий фуқароларни иш билан таъминловчи фирмаларга шароит яратиб бермаётганини таъкидлади.

“Мамлакатда нолегал ишчи кучи кўпайиб кетганига сабаб, аввало, ҳукуматнинг хорижий фуқароларни ишга қабул қилишга қаратилган ҳужжатларини ижро этиш ўта қийинлигидир. Бу ҳужжатлардаги айрим талаблар эса ҳатто ақл бовар қилмас даражада”,- деди В.Тюленова.

Олмаотада яшаётган ўзбекистонлик журналист эса Қозоғистонда меҳнат қилаётган юртдошлари ноқонуний ишлашга мажбур бўлаётганининг айрим сабаблари ҳақида тўхталади.

“Иш берувчи муҳожирларни ишлатиш учун лецензия олиши керак. Бу эса жуда қиммат. Давлатга бадал тўлаш керак. Ҳар бир меҳнат муҳожирига оид юридик ҳужжат расмийлаштириш ва уни кузатиб бориш лозим. Бу ишлар жуда кўп харажатни талаб қилади. Шу боис, иш берувчи меҳнат муҳожирларини нолегал ишлатишни афзал кўради”,- дейди журналист.

Эслатиш жоиз, 2007 йилда Қозоғистонга қарийб 2 миллион меҳнат муҳожири келган. Уларнинг 70 фоизини ўзбекистонликлар ташкил қилган.
XS
SM
MD
LG