Линклар

Марфуа Тўхтахўжаева: “16 йил олдинги умидлар бугун саробга айланди”

  • Абдулла Искандар

“Озодлик” мухбири Ўзбекистондаги Аëллар ресурс маркази раҳбари, хотин-қизлар ҳуқуқлари учун курашаëтган ўзбек аëли Марфуа Тўхтахўжаева билан суҳбатда бўлди.

БМТ томонидан 2003 йилнинг энг машҳур аëллари рўйхатига киритилган Марфуа Тўхтахўжаева бир кун келиб аëллар ҳуқуқлари ҳимоячиси бўламан, деб сира ҳам ўйламаган эди. Марфуа опа меъмор бўлишни, уйлар ва саройлар қуришни орзу қилганди. У республикадаги етук меъморлардан бирига айланди ҳам. Аммо бундан 16 йил олдин бошланган давр шамоллари Марфуа опанинг орзуларини ҳам ўзи билан бирга олиб кетди.

- 90-йиллар бошида мен Архитектура институтида ишлар эдим ва у ерда 1996 йилгача ишладим. Мустақилликдан кейин институтимиз жуда катта қийинчиликка учради. Чунки совет даврида институтимиз бутун Марказий Осиë учун лойиҳа қиларди. Аммо 1991 йилдан кейин бизда иш камайди. Менинг бошқа ишим йўқ эди. Институтимиздаги кўп одамлар бозорларга чиқиб кетди. Бозорда кимнингдир иши ўнгидан келди, кимдир эплай олмади. Менинг эса бозорда ишлаш ҳатто хаëлимга ҳам келмади. Чунки мен савдогарликни билмайман.

Бир учрашув боис, Марфуа Тўхтахўжаеванинг ҳаëт йўли аниқ бўлди. Марфуа опа ўзбек аëлларининг ҳаëт ҳикояларини китоб этишга қарор қилди.

- 1992 йилда ҳаётимда ажойиб бир учрашув бўлди. Лондон университетидан бир аëл билан танишдим. У мени аёллар муаммолари бўйича Лондонда бўладиган анжуманга таклиф этди. Мен тадбирда аëллар муаммолари мавзуида маъруза қилдим. У ерда янги нашриëт ташкил қилган аëл билан учрашдим. У менга маърузамда гапирилган муаммолар бўйича бир китоб ёзиб беришимни сўради. “Коммунизм шиорлари, Ислом анъаналари ўртасида” номли биринчи китобимни ëздим.. Бу китоб тайëр бўлгандан кейин ўша аëлга китобим тайëр бўлгани ва нашр этиш мумкинлиги ҳақида ëздим. Аммо жавоб келмади. Кейин билсам, аëл қандайдир бахтсиз ҳодисага учраб, ҳаëтдан кўз юмган экан. Лекин қўлимда китоб тайëр эди. Кейинчалик мен бу мавзу билан ўзимизнинг нашриëтлар ҳам қизиқади, деб ўйладим. Қайси нашриëтга бормай, улар бир хил савол беришади: “Сиз ëзувчилар уюшмасининг аъзосимисиз? Сиз илмий иш билан шуғулланадиган одаммисиз? Нимага бу мавзуни сиз кўтардингиз?” Аввалига ҳеч ким қўлимдаги папкани олиб, очиб ҳам кўрмади. Қаëққа борсам, йўқ, деган жавобни олдим. Ана шундан кейин мен чет элдаги нашриëтларга мурожаат қилдим ва китоб Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги китоб уйида нашр қилинди.

Ўзбек аëлини ҳайкалтарошлар қўлида бола билан акс эттирган эди. Кейинги 16 йил ичида ўзбек аëли қоп кўтариб, савдогарлик ва ҳаммоллик ҳам қилди. Кўпчилик аëллар давр талотумларидан узоқда туриш учун ҳижоб ортига беркинди. Марфуа опа ўзбек аëлини фикрлаëтган бир тарзда кўришни истайди. Бамисли ҳайкалтарош Роденнинг “Мутафаккир” ҳайкали каби.

- Роденнинг ҳайкалида фикрлаëтган вақт ифода эттирилган. Шу сингари мен ҳам фикр қилаëтган ўзбек аëлини китобимда акс эттирдим. Кўп аëллар чинакам тўрва кўтаришди, қоп кўтаришди, лекин аëлларнинг қайсидир қисми ўз ҳаëтини ўз касби, билими, иродаси орқали ўзгартиришга ҳаракат қилди. Китобим айнан шу ҳақда.

Ўтган асрнинг 20-йилларида ўзбек хотин-қизларини паранжидан озод қилиш учун “Ҳужум” номли коммунистик ҳаракат бошланган эди. Шаклан коммунистик, моҳиятан феминистик бўлган бу курашнинг бугунги давомчиси ўзи эканини айтади Марфуа опа.

- Бу ҳаракатда иккита қарама-қарши оқим бор эди. Биринчидан, бу ҳукуматнинг қандайдир мафкуравий фаолияти бўлган. Иккинчидан, ўзбек аëлларида онгини кўтариш, ëруғликка чиқиш, маънавият ва маърифатга интилиш бўлган ва шу интилишдан ҳукумат фойдаланган. Шу маънода, бу ҳаракатда, бир томондан, қатағонлар ҳам бўлган, иккинчи томондан, кўп аëлларга кенг имкониятлар очилган.

“Ўзбек аëли учун кейинги 16 йил қандай кечди?” - дея савол берамиз Марфуа опага.

- Ўйлайманки, ўзбек аëлларининг аҳволи яхши томонга ўзгармаган. Аëллар учун жуда кўп имкониятлар пайдо бўлди, аммо уларнинг аксарияти бу имкониятлардан четда қолди. Айниқса, қишлоқ аëллари.

Поëнига етган 2007 йилда ўнлаб ўзбек аëллари сиëсий ва диний эътиқоди сабабли режим томонидан панжара ортига ташланди. Марфуа опа назарида бу жараëн Ўзбекистондаги умумий репрессиянинг бир қисмидир.

Қайси мафкура ўзбек аëлига рўшнолик берди? Аëллар бошидан рўмолини юлиб олган коммунистик инқилобми ëки аëлларнинг қўлига жарақ-жарақ пул тутқизган сармоя ғояси капитализмми? Ëки ўзбек аëлларининг шариат измида юргани маъқулми?

- Мен ўйлайманки, аввало, демократия ғоясигина ўзбек аëлига ëрдамчи бўлади.

Кейинги 16 йил ичида кашф бўлган янги иборалардан бири “ўзбек фоҳиша”лари калимасидир.

- Бу жамиятимиз учун жуда фожеали янгилик. Лекин бунга кўп сабаблар бор. Бу мавзунинг илдизи чуқурроқ. Аввало, ким бу иш билан шуғулланади? Буларнинг ичида, биринчидан, мактаб, коллеж, университетни тамомлаб, иш топмаган аëллар бор. Уларнинг ичида ажрашган аëллар бор, иккинчи хотин сифатида эрга теккан аëллар бор, эри ташлаб кетган аëллар бор. Нимага мактаб тамомлаган аëллар иш топа олмайди? Чунки иш жойи етарли эмас. Иш бўлган тақдирда ҳам маош жуда кам. Бу пул билан оилани тебратиш мумкин эмас. Ажрашган аëлларга келсак, жамият бундай аëлларга ëмон кўз билан қарайди. Ажрашишда, аввало, аëл киши айбланади. Агар одамга сен ëмонсан, сен ëмонсан деяверилса, ëмон бўлиб кетади. Буларнинг ичида яна одам савдогарлари қўлида қурбон бўладиган аëллар ҳам бор.

Марфуа опа “бундан 16 йил олдин юз берган талотумлардан эсанкираган ўзбек эркаклари телевизор олдида Мексика сериалларини томоша қилаëтган бир пайтда уларнинг рафиқалари оила боқиш учун Россия кенгликларида мардикорлик қилаëтгани ҳам бугуннинг ҳақиқати” эканини айтади.

- Бу нафақат оила бузилиши, бу жамият бузилишидир. Чунки аёлларнинг ўз ватанида қийинчиликка дуч келиб, бошқа мамлакатларга бориб пул топишга ҳаракат қилиши нафақат оила учун ëмон, аввало, жамият учун ëмон. Кўп аëллар яхши муаллим, яхши врач бўлиш ўрнига чет элда тижорат билан шуғулланиши нормал ҳолат эмас.

“Сиз ўзингиз бошдан кечирган сўнгги 16 йиллик даврни болаларингизга раво кўрармидингиз?” - дея савол берамиз Марфуа опага.

- Йўқ, раво кўрмаган бўлардим. Бундан 16 йил олдин ўзбек хотин-қизларида бахтли келажак умиди бор эди. 1990 йил бошида жуда катта умид бўлган, кейинчалик бу умид анча сўнди. Бугунга келиб бу умид саробга айланди.
XS
SM
MD
LG