Линклар

logo-print

Юсуф Жуманинг рафиқаси ва уч фарзанди Қозоғистонга қочиб ўтди


Ҳозир икки ўғли ҳамда ўзи ҳибсда сақланаётган бухоролик таниқли мухолифатчи шоир Юсуф Жуманинг рафиқаси ва уч фарзанди таъқиб-тазйиқлардан Қозоғистонга қочиб келишга мажбур бўлди.

Улар ўзларига сиёсий бошпана берилишини сўраб БМТ қочқинлар идорасининг Қозоғистондаги ваколатхонасига мурожаат қилган.

“Озодлик” мухбири ҳозирда онаси ва икки кичик укаси билан қўшни давлатга қочишга мажбур бўлган шоирнинг тўнғич ўғли Алишер Жумаев билан суҳбатда бўлди.

Мухбир: Алишер, Қозоғистонга қандай ўтиб келдингиз?

А.Жумаев: Биз чегарадан айланма йўллар орқали ўтдик, чунки тўғридан-тўғри ўтиб келиш учун бизда имконият йўқ эди. Укам билан онамда ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Қозоғистон чегарасида ҳеч қандай қийинчиликлар бўлмади. Аммо Ўзбекистон ҳукумати чегарани шундай қилиб қўйганки, гўёки чегарада қамоқхона дарбозасини кўргандай бўласиз. Бу Ўзбекистон қамоқхона эканини кўрсатиб турган бир далил. Қозоғистонда бироз эркин бўлгани учун бу ерга келдик. Қирғизистонда эса дарров тутиб беришади. Туркманистоннинг ҳам Ўзбекистон билан муносабатлари яхшиланган, аммо у ерга ўтишнинг ҳеч иложи йўқ. У ерда ҳар қадамда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари. Хоҳлаган пайтлари ушлаб олиб кетишлари мумкин. Ҳозирча энг хавфсизи Қозоғистон, аммо бу ерда ҳам хавф бор.

Мухбир: Тошкентни нима сабабдан тарк этдингиз? Бирор хабар келдими сизга?

А.Жумаев: Менга 22 декабрь куни Қоракўл прокурори қўнғироқ қилди. Сенга 2 январдан расман қидирув эълон қиламиз, унгача билганингни қил, деди. Ҳақиқатан 3 январь куни мен Тошкентда турган уйга 5 номаълум шахс мени қидирб келган. Бахтли тасодиф туфайли ўша пайтда мен интернет кафега ишлашга кетган эдим. Шундан кейин билдимки, Ўзбекистонда яшаш мен учун хавфли. Ноҳақ қамалган дадам ва икки укамнинг олдига тушишимни билиб, Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлдим.

Мухбир: Алишер, ҳозир оила аъзоларингиздан кимлар сиз билан Қозоғистонга келди?

А.Жумаев: Мен иккита укам ва онам билан келдим. Қодирий 18 ёшда, Жавҳар 9 ёшда ва онам Олтиева Гулнора 46 ёшда. Майли, мен қамоққа тушсам ҳам бир амаллаб кунимни кўраман, аммо икки укам ва онамнинг ҳаётидан хавотирдаман. Онам ва кичкина укам Жавҳарнинг ҳужжати йўқ. 200 ҳарбий қишлоқдаги уйимизни ўраб олган пайтда улар яланг оёқ, енгил кийимда кўчага қочиб чиққан. Ўзбекистон ҳукумати жаллодлари, Каримов шотирлари уйимизда бирор ҳужжат қолдирмаган. Ҳаттоки 2 яшар қизимнинг гувоҳномаси ҳам олиб кетилган. Улар қоғозлар орқали бирор фактни аниқламоқчи бўлган.

Мухбир: Алишер, сўнгги кунларда оилангиз ва яқинларингиз бошдан ўтказган кечинмалар ҳақида гапириб бера оласизми?

А.Жумаев: Оиламизга таъқиблар жуда кўп бўлган. Диктатор Каримовнинг 10 декабрь куни оиламизга қилган тажовузи ҳеч қачон ҳеч қаерда бўлмаган. Мен учун энг ташвишли, энг қайғули ҳолат 10 декабрь куни Тошкентдаги уйимизда бўлган. Қўшним қўнғироқ қилди ва уйимизни ҳарбийлар ўраб олиб ўққа тутаётгани ҳақида айтди ва ўқ товушларини телефонда эшитиб турдим. Мен ўша пайтда жуда қаттиқ изтиробга тушганман. Дадам Юсуф Жума, онам Олтиева Гулнора, укаларим Жавҳар, Қодирий ва Бобур ўқ остига қолиб кетганди. Дадам болаларининг ўқ остида қолганини ўйлаб қандай изтиробга тушганини ўйлаган эдим. Бу ҳолатни ҳеч ким ҳис қила олмаса керак, деб ўйлайман. Бир оилага қарши катта қуролли қўшин ташланиши энг катта жиноят, энг катта террор бўлган.

Мухбир: Ҳозир оила аъзоларингизнинг бир қисми Ўзбекистонда қолиб кетган. Уларнинг аҳволидан хабардормисиз?

А.Жумаев: Улар билан алоқам узилиб қолган. Улардан ҳеч қандай маълумот ололмаяпман. Айниқса, дадам ва икки укамнинг тақдири номаълум. Уларни бир у ёқда, бир бу ёқда, бир МХХда дейишади. Бошқалари эса рад қилишади. Уларнинг қаерда экани ҳам номаълум. Озодликда қолган оила аъзоларимизга ҳам ҳар қадамда хавф. У ерда опам Феруза, укам Машрабнинг турмуш ўртоғи ва икки ўғли бор. Ўқ остида қолган болалар тилдан қолган. Диктатор Каримов шу норасидаларга қарши ҳам жиноят содир қилди. Менинг оилам ҳам у ерда қолиб кетди. Уларнинг тақдири менга ҳозирча номаълум. Каримов Бухорого борган пайтда дадамга суиқасд уюштирилди. 10 декабрь куни Каримов сайловчилар билан учрашиш учун Бухорога бориб келди, кейин 10 декабрь куни уйимиз ўққа тутилди. Икки укам беайб қамоққа ташланди.

Мухбир: Оилангизга ўтказилаётган босим ва таъқиблардан сўнг, балки тинчгина, амалдаги ҳукумат сиёсатига қарши чиқмаган маъқулмикин, деган ўй ўтмаганми?

А.Жумаев: Биз тинчгина яшаб юрсак ҳам бўларди. Ҳеч нимада камчилигимиз йўқ эди, иқтисодий тарафдан таъминланганмиз. Аммо нега оддий халқ биздек меҳнат қилса-ю, бундай яшамаса? Арзимаган маош оладиган прокурорнинг, ҳокимнинг уйини кўринг. Ҳар ойда Россиядан 200-300 доллар юборадиган оддий халқнинг оиласини кўринг. Қандай қилиб улар арзимаган маошга бойиб кетяпти, четдан 200-300 доллар юбораётган оддий ўзбекистонлик ўз оиласини боқа олмаяпти? Буларга қараб туриб, биз ҳеч қачон халқнинг аҳволидан кўз юма олмаганмиз. Дадам пикет бошлаётган пайтлари биз ё у ёқлик бўламиз, ё бу ёқлик, деб айтган. Дадам: “Ўғилларим, истаганинг қўшил, истамаганинг қўшилма. Бир ўзим чиқсам ҳам сизлардан хафа бўлмайман”, деб айтган. Лекин биз ҳаммамиз дадамни қўллаганмиз. Агар ўша пайтлар қайтиб келганда ҳам биз диктатор Каримовга қарши ҳаракатларимиздан қайтмаган бўлардик.

Суҳбат сўнггида Алишер Жумаев ўз оиласининг бутун мол-мулки гаровга олингани маълум қилди ва тергов изоляторида отаси ва икки укасига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар қўлланилаётганидан хавотир билдирди.
XS
SM
MD
LG