Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:52

Собиқ вазир ҳамон изоляторда сақланмоқда


2000 йил бошларида ҳукуматга қарши хатти-ҳаракатларда айбланган Тожикистоннинг собиқ ички ишлар вазири Ёқуб Салимов устидан ҳукм ўқилганига қарамай, ҳамон вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилибди.

Ёқуб Салимовнинг Тожикистон парламенти ва тегишли идораларига расмий мурожаат этган яқинлари нега унинг шу кунга қадар қамоқхонага ўтказилмагани борасида аниқ жавоб ололмагач, куни-кеча мамлакат президенти Имомали Раҳмонга очиқ хат йўллади.

“Ҳурматли президент, сизнинг шогирдингиз ва Тожикистон ҳукуматига кўп йиллар садоқатли хизмат қилган ўғлим Ёқубжон Салимовни кўрмаганимга уч йилдан ошиб қолди. Чунки у ҳозирга қадар вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилмоқда. Мен ўз ўғли дийдоридан маҳрум этилган бахтсиз онаман”,- дейилади собиқ вазирнинг онаси Ашурби Салимова номидан Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга йўлланган очиқ хатда.

1997 йил 30 апрелда Сўғд вилоятида Имомали Раҳмонга қарши суиқасд уюштирилганда президентга ўз танини қалқон қилган Ёқуб Салимов елкасидан жароҳатланган эди. Айнан ўша жароҳат сабабли ўғлининг соғлиғи тобора ёмонлашиб бораётганини билдирган Ашурби Салимова.

Ёқуб Салимовнинг яқин қариндошларидан Эронгул Темурова собиқ вазир турмуш ўртоғи ва фарзандлари, ҳатто шифокорлар билан учрашиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини таъкидлади.

“Билишимча, ҳукм кучга киргандан сўнг у вақтинчалик сақлаш изоляторидан қамоқхонага ўтказилиши шарт эди. Аммо қамоқхонада эмаслиги у билан учрашиш ва ҳатто Туркияда қочқинликда яшаётган турмуш ўртоғи билан телефон орқали суҳбатлашиш имконини бермайди”,- деди Э.Темурова.

Тожикистон қамоқхоналарини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳром Абдулҳақов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда юқоридаги иддаолар асоссиз эканини билдирди.

Унинг айтишича, Ёқуб Салимовга доимий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Б.Абдулҳақов маҳбус нега ҳамон вақтинчалик сақлаш изоляторида қолаётгани ҳақидаги савол ўзига тааллуқли эмаслиги, бу Бош прокуратура томонидан ҳал этилиши зарурлигини таъкидлади.

Тожикистондаги таниқли ҳуқуқшунос Раҳматулло Зоировнинг сўзларига кўра, ҳар қандай айбланувчи ҳукм ўқилгандан сўнг 7 кун ичида қамоқхонага ўтказилиши шарт. Аммо унинг устидан янги жиноят иши очилган бўлса, навбатдаги ҳукмгача айбланувчини изоляторда ушлаб туриш мумкин.

“Аммо билишимча, Ёқуб Салимов устидан янгидан жиноят иши очилмаган. Демак, унинг изоляторда ушлаб турилиши ноқонунийдир. Ҳукуматдаги айрим мулозимлар Ёқуб Салимов қамоқхонага ўтказилишидан қўрқади. Чунки қамоқхонадаги шароит унинг одамлар, хусусан, яқинлари билан алоқада бўлишига имкон беради. Бу эса исталмаган маълумотлар чиқиб кетишига олиб келиши мумкин. Қолаверса, айрим доиралар собиқ вазирнинг бугунги аҳволи оммага ошкор бўлишидан манфаатдор эмас”,- деди Р.Зоиров.

Ўтган асрнинг 90-йиллари сўнггида Тожикистонда барқарорлик ўрнатилиши йўлидаги катта хизмати учун ички ишлар вазири лавозимига тайинланган Ёқуб Салимов кейинчалик Олий суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG