Линклар

Юсуф Жума 21 кундан бери қамоқда

  • Абдулла Искандар

Энг сўнгги маълумотларга кўра, 17 декабрь куни ҳибсга олинган мухолифатчи шоир Юсуф Жума Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бошқармаси ҳибсхонасида сўроқ қилинмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғлининг айтишича, шоир билан бирга ушланган ўғли Бобур Бухоро вилояти ИИБ ҳибсхонасида сақланмоқда.

Шунингдек, мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам ўзи қўлга киритган расмий маълумотга асосланиб, Юсуф Жума иши билан Бухоро вилояти прокуратураси терговчиси Тойжонов шуғулланаётгани, Бош прокуратурадан олинган жавоб мактуби мазмунидан Юсуф Жума Бухоро қамоқхонасида эканини маълум қилди.

Расмийлар Юсуф Жумани икки милиция ходимини жароҳатлаганликда айблаган.Унга нисбатан ҳокимият вакилига бўйсунмаслик ва тан жароҳати етказиш каби айбловлар билан жиноят иши очилган.

Мухолифатчи шоир ҳимояси билан шуғулланаëтган адвокат Руҳиддин Комилов ҳали расмий айблов хулосаси йўқлигини айтади.

“Ҳозир қўлимда айблов хулосаси йўқ. Бош прокуратура, МХХ ва Ички ишлар вазирлигига сўров юборганмиз, аммо ҳали жавоб йўқ. Қолаверса, Юсуф Жуманинг қаердалиги ҳақида ҳам ҳали расман билдирилмади”,- деди Р.Комилов.

Эслатиб ўтамиз, шоир Юсуф Жума ўғли Машраб иккинчи бор ноҳақ қамоққа олингач, Ўзбекистон президенти истефосини талаб қилиб пикетга чиққанидан кейин милиция томонидан тазйиққа олинган ва бир муддат Тошкентда яширинишга муваффақ бўлган эди. Аммо 17 декабрь куни у Янгийўлда қўлга олинди.

Юсуф Жума ўтган йилнинг 6 декабрида “Озодлик”ка берган интервьюсида ўз оиласига тазйиқлар президент Ислом Каримовнинг буйруғи билан бўлаëтганини такидлаган эди.

Мухолифат фаоли бўлган Юсуф Жума 2001 йилда ҳам қатор шеърлари учун Бухоро вилояти МХБ томонидан ҳибсга олинган, аммо халқаро босимлар туфайли озод этилганди.

2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин Юсуф Жума Тошкент режимини жиддий танқид қилган, шеърларида дунë ҳамжамиятини ўзбек халқи дардига бефарқликда айблаган эди. Ўтган йили Юсуф Жума АҚШ президенти Жорж Бушга шеърий мактуб битиб, қамоқдаги ўзбек ëзувчиси Мамадали Маҳмудовни озод қилишда кўмакчи бўлишни сўраганди.

Бизда ман қилинган бургутга парвоз,
Булбуллар қафасда – чиқмайди овоз.
Жорж Буш жаноблари, Сиздан илтимос,
Ўзбекни зиндондан қутқариб беринг!
Аждаҳо, илондан қутқариб беринг!

Мустабид қўлида Шовруқлар қони,
Бўғизлаб ўлдирди Эмин Усмонни,
Бугун раҳматижон Эврил Турони.
Ўзбекни зиндондан қутқариб беринг!
Аждаҳо, илондан қутқариб беринг!

Замину фалаги золимга қадаҳ,
Баҳору чечаги золимга қадаҳ,
Эрларнинг юраги золимга қадаҳ.
Ўзбекни зиндондан қутқариб беринг!
Аждаҳо, илондан қутқариб беринг!

Тақдирни кўрингки, Юсуф Жуманинг ўзи ҳам қафас ичидаги булбулга айланди.
XS
SM
MD
LG