Линклар

Янги йил ўзбек муҳожирлари учун фожеали бошланди

  • Сарвар Усмон

2 январь куни кечқурун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 21 ёшли ўзбек йигитининг жасади топилди. Шу куни Москвада ҳам 19 ёшли ўзбек йигити номаълум шахслар ҳужуми қурбони бўлди.

Россиянинг шимолий пойтахтида фаррошлик қилиб келган ўзбек йигити ўлими юзасидан Санкт-Петербург криминал милициясидан жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот котиби Олег Шатуновский ҳам воқеадан хабарсиз эканини билдирди.

“Оғриётган эдим, поликлиникага бориб, бирров ишхонага кириб ўтай, деб келувдим, сиз қўнғироқ қилиб қолдингиз”,- деди элчихона вакили.

Санкт-Петербургдаги ўзбекистонликларнинг “Ватан” ташкилотидан ҳам фожеа тафсилотларини билишнинг иложи бўлмади. Уларнинг ўзи ҳам тафсилотлардан хабарсиз бўлиб чиқди.

Афтидан, 2 январь куни ўлдирилган 21 ёшли йигит ҳам ўзи сингари нобуд бўлган юзлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг машъум рўйхатидан жой олади, холос. Уни ким ўлдирди, нима учун ўлдирди, қотиллар топиладими – бу саволларга жавоб топилишидан топилмаслиги эҳтимоли кўпроқ.

2 январь куни Москвада номаълум шахслар ҳужумига учраган ўзбекистонлик 19 ёшли йигит эса, “Интерфакс” хабарига кўра, “Тез ёрдам” машинасида жон берган.
XS
SM
MD
LG