Линклар

logo-print

АҚШда президент сайлови ўтказиш босқичлари


Вашингтон Оқ уйидаги президентлик курсисига олиб борувчи йўл мураккабдир. Президентликка номзод дастлабки сайловлар, фракциявий кенгашлар, сайловчилар коллегияси ва партиявий битимлар чиғириғидан ўтиши лозим.

АҚШда президент сайлови 4 ноябрда бўлиб ўтади. Бироқ унга қадар америкаликлар республикачилар ва демократлар партияларидан қайси номзодлар президентликка даъвогарлик қилишга лойиқ эканини аниқлаши лозим. Бу икки партиянинг ҳар биридан фақат биттадан номзод якуний сайловда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. 2007 йил ёзидан бошланган сайловолди жараёнида президентликка 15 номзод рўйхатга олинган эди. АҚШ штатларида ўтказилувчи дастлабки сайловлар элагидан уларнинг ҳаммаси ҳам ўта олмайди.

Дастлабки сайловлар ва фракциявий кенгашлар

3 январдан 3 июнга қадар АҚШнинг барча штатлари, жумладан, Гуам ва Виржиния ороллари аҳолиси Республикачилар ва Демократлар партияларидан президентликка номзодларни аниқлайди. Баъзи штатларда Айовада 3 январь куни ўтказилгани каби партиявий йиғилишлар уюштирилади. Бу йиғилишларда барча номзодлар ўз позицияларини, дастурларини эълон қилади ва рақиблари билан мунозарага киришади. Айрим штатларда эса номзодлар сайлов варақчаси билан овоз бериш орқали аниқланади. Ҳар бир сайловчи ўзи президентликка номзоди қўйилишга лойиқ, деб ҳисоблаган одам учун овоз беради.

Бу жараён президентликка номзодларни доимо сайловчилар орасида бўлишга, ўз тарғиботларини тинимсиз тарзда олиб боришга мажбур қилади. Шунинг учун ҳам президентликка номзодлар ва уларнинг командалари мунтазам сафарда бўлиб, иложи борича кўпроқ сайловчилар билан учрашишга ҳаракат қилади. Номзодлар стадионларда, одамларнинг уйларида, маҳаллий ресторанларда сайловчилар овози учун кураш олиб боради. Маҳаллий теле ва радиоканаллар кунига юзлаб сиёсий эълонларни эфирга узатади.

Дастлабки сайловлар 3 январда Айова штатида, 8 январь куни эса Нью-Ҳэмпширда ўтказилди. Бироқ кўпчилик штатларда дастлабки овоз бериш босқичи 5 февраль куни ўтади. Шу куни ўтказиладиган 22 партиявий йиғинда демократлар ва республикачилардан қайси номзодлар президент сайловида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгани аниқланади.

Партиявий кенгашлар

Ёзда ўтадиган миллий партиявий кенгашларда президентликка номзодлар расман тайинланади. Демократлар миллий кенгаши 25 августда Колорадо штатининг Денвер шаҳрида, Республикачилар миллий кенгаши 1 сентябрда Миннесота штатининг Авлиё Павел шаҳрида бўлиб ўтади. Бу кенгашларда ҳар бир штатдан вакиллар иштирок этади. Ҳар бир штат делегацияси ўз штатларидаги партия бўғинлари қайси номзодни қўллаб-қувватлагани ҳақидаги натижаларни олиб боради.

Миллий кенгашларда президентликка номзод вице президентликка номзодни ҳам тавсия этади. Вице президент номзоди миллий кенгашгача аниқлаб қўйилган бўлади ва одатда президентликка номзоднинг сайловчилар билан муносабатини жуғрофий ҳамда мафкуравий жиҳатдан мувозанатлаш тамойилидан келиб чиқиб танланади.

Шундай қилиб, сайловларга икки ой қолганда ҳар икки партия президент ва вице президентликка номзодларни эълон қилади. Партиялардан президентликка номзодлар телемунозаралар ўтказади, мамлакат бўйлаб сайловолди тарғиботини олиб боради. Ниҳоят, ноябрнинг биринчи сешанбасида мамлакатнинг барча ҳудудларида сайлов участкалари ишга тушади. Америкаликлар партиявий эътиқодидан ва партиясизлигидан қатъий назар ўзлари танлаган номзод учун овоз беради.

Оммавий овоз бериш ва сайловчилар коллегияси

Бироқ АҚШ президенти сайлов участкаларида оммавий овоз бериш йўли билан сайланмайди. Бу мамлакатда президентни сайловчилар коллегияси сайлайди. Сайловчилар коллегияси 538 вакилдан иборат бўлади. Бу коллегиянинг 270 вакили овозини олган номзод ғолиб ҳисобланади. Коллегия ҳар бир штатда муайян вакилларга эгадир. Сайловчилар коллегияси вакиллари сони ҳар бир штатнинг Конгрессдаги вакиллари сонига тенгдир. Масалан, аҳолиси кўп бўлган Калифорния Конгресснинг Вакиллар палатасида 53 вакилга, Сенатда эса 2 вакилга, жами 55 вакилга эга. Демак, сайловчилар коллегиясида калифорниялик вакиллар сони ҳам 55 нафардир. Аҳоли нисбатан кам яшайдиган Аляска штати эса Конгресснинг Вакиллар палатасида 1 вакилга, Сенатда 2 вакилга, жами уч вакилга эга. Демак, Аляска штати сайловчилар коллегиясида ҳам 3 ўринга эга бўлади.

АҚШнинг кўпчилик штатларида сайловчилар маълум бир номзод учун овоз берар экан, уларнинг овозини сайловчилар коллегиясида эълон қилувчи шахсни ҳам сайлайди. Бу вакил ўз штатида қайси номзод қанча овоз олганини эълон қилади. Айрим штатларда эса, аксинча, қайси номзод 50 фоиздан кўп овоз олса, қолган овозлар ҳам мана шу номзод ҳисобига ўтади ва бу штатларнинг вакиллари сайловчилар коллегиясида фақат бир номзод учун овоз беради. Масалан, Калифорнияда сайловчиларнинг 51 фоиз овозини олган номзод учун шу штатнинг сайловчилар коллегиясидаги 55 вакили овоз беради.

Лекин бу жараён мукаммал эмас. Масалан, 2000 йилда президентликка номзод Алберт Гор оммавий овоз бериш жараёнида ғолиб бўлган, лекин сайловчилар коллегиясида у фақат 266 овозга эга бўлиб қолган. Оммавий сайловда Жорж Буш озроқ овоз олган, бироқ сайловчилар коллегиясининг 271 аъзоси Жорж Буш учун овоз берган. Шундай қилиб, Жорж Буш президент сайлови ғолиби, дея эълон қилинган эди.

Мана шундай мураккаб жараёнларда сайланадиган АҚШнинг янги президенти 2009 йилнинг 20 январида Оқ уйга кириб боради.
XS
SM
MD
LG