Линклар

“Амори спорт” (Amaury sport) ташкилоти вакиллари Франция ҳукумати, айниқса, Ташқи ишлар вазирлиги билан бир неча маслаҳатлашувдан кейин 2008 йилги Дакар авто-мотопойгасини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарганди.

Бунга 24 декабрь куни Мавританияда “Ал-Қоида”га алоқадор “Исломий Мағриб” гуруҳи жангарилари франциялик тўрт сайёҳни ўлдиргани сабаб бўлди.

2008 йилги Дакар авто-мотопойгаси 5 январь куни Португалияда бошланиб, 20 январда Сенегал пойтахтида тугаши режалаштирилган эди. 400дан ортиқ автомобил ва мотоцикл қатнашиши кутилаётган пойга Португалиядан кейин Марокаш ва Мавритания ҳудудларида давом этиши керак эди. Бироқ жангарилар таҳдиди ташкилотчиларни мусобақани бекор қилишга мажбурлади.

30 йилдан бери январь ойидаги асосий спорт мусобақаси бўлиб келган ушбу нуфузли пойга дунёнинг 187 давлатида яшовчи миллионлаб спорт ишқибозига телеканаллар орқали намойиш қилиб келинаётган эди.

2008 йилги автопойга бекор қилинганидан кейин ҳозирда “Амори спорт” ташкилоти Дакар пойгасини бошқа қитъага кўчириш масаласини муҳокамага қилмоқда. Ахборот агентликлари хабарига кўра, Дакар автопойгаси келгусида Австралияда ёки Марказий Осиёнинг Қизилқум ва Қорақум чўлларида ўтказилиши мумкин.

“Амори спорт”нинг Париждаги бош қароргоҳи вакили Бенуа Лавини “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу масалада ҳали узил-кесил қарорга келинмагани, ҳали бир қанча лойиҳалар кўриб чиқилаётганини билдирди. Шунингдек, у пойга ўтказилиши мўлжалланаётган минтақалар сони ҳақидаги саволни ҳам очиқ қолдирди.

Марказий Осиё қадимий Ипак йўли орқали Ғарб ва Шарқни боғловчи кўприк вазифасини бажарган. Мутахассислар агар Дакар авто-мотопойгаси Марказий Осиёнинг Қизилқум ва Қорақум чўлларида ўтказилса, минглаб хорижликлар Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Хева каби қадимий шаҳарларини ҳам кўриш имкониятига эга бўлади, деган фикрда.

“Амори спорт” ташкилоти вакили ҳам Марказий Осиёда гўзал гўшалар борлигидан хабардор экани, аммо ташкилот шоу манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилишини айтди.

“Биз буни биламиз. Биз масалани ҳал қилиш устида ишлаяпмиз. Авто-мотопойгани қайси минтақада ўтказиш ҳақидаги қарор шоу манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади”, – деди Бенуа Лавини.

Унинг таъкидлашича, пойга ўтказилиши борасида қандай қарорга келингани ҳақида узоғи билан 2 ой ичида жамоатчиликка маълум қилинади.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Ҳайдар Акбаров агар Дакар авто-мотопойгаси Марказий Осиёда ўтказилса, бу минтақа, жумладан, Ўзбекистонда шу соҳа ривожига ижобий таъсир этишини айтади.

“Ўзбекистонда авто-мото спорт йилдан-йилга ривожланиб боряпти. Ўзбекистонда мамлакат мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти бор. Мазкур ташкилот режасига кўра, Жиззах ва Тошкент вилоятининг Паркент туманида авто ва мото спорти бўйича республика мусобақалари бўлиб ўтди. Агар Дакар пойгаси Марказий Осиёда ўтказилса, Ўзбекистондаги авто-мото спортига ҳам ўз хиссасини қўшади. Айни пайтда бу спорт турига қизиқувчилар сони ортиб, соҳа вакилларининг ҳам халқаро мусобақаларда иштирок этиш имкониятлари яхшиланади, деб ўйлайман”, –деди Ҳайдар Акбаров.
XS
SM
MD
LG