Линклар

Жорж Бушнинг Яқин Шарққа сафари бошланди

  • Ҳасанжон

АҚШ президенти Жорж Буш Исроил ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилига биринчи ташрифини бошлади. У Яқин Шарқдаги бир неча араб давлатига боришни ҳам режалаштирган.

АҚШ раҳбарининг минтақага сафаридан кўзланган мақсад Исроил-Фаластин тинчлик музокараларини рағбатлантириш, шунингдек, Эроннинг минтақа давлатларига таъсирини чеклашни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Тель-Авив аэропортида Жорж Бушни ҳарбий оркестр, Исроил ҳукуматининг юқори лавозимли амалдорлари, жумладан, президент Шимон Перес ва бош вазир Эҳуд Олмерт кутиб олди.

Жорж Буш дастлабки нутқида Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликка эришиш учун “янги имконият пайдо бўлгани”ни айтди.

“Биз узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш имконияти борлигини кўряпмиз. Биз ушбу муқаддас заминда тинчлик ўрнатиш ва минтақа эркинлиги учун янги имконият борлигини кўряпмиз. Мен Исроил президенти Шимон Перес ва бош вазир Эҳуд Олмерт жаноблари билан учрашувда шунга умид қиламан. Биз Яқин Шарқ минтақасидаги тинчлик, эркинлик ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қиламиз”, – деди АҚШ раҳбари.

Ж.Буш бу масалаларни 10 январь куни Рамаллоҳда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашишидан олдин Исроил раҳбарлари билан муҳокама қилишни режалаштирган.

Бушнинг минтақага ташрифидан кўзланган мақсадлардан яна бири икки ой олдин АҚШнинг Аннаполис шаҳрида Исроил ва Фаластин ўртасида қайта бошланган тинчлик музокараларига туртки беришдан иборат. Аннаполис халқаро анжуманида Исроил ва Фаластин раҳбарлари 2009 йил январида Ж.Бушнинг президентлик муддати тугагунча тинчлик шартномаси устида ишлашни ваъда қилган. Бироқ ўтган икки ой давомида музокараларда олдинга силжиш кузатилмади.

Исроил президенти эса Жорж Бушни Эрон, “Ҳизбаллоҳ” ва “Ҳамас”нинг “телбалиги”ни тўхтатишда ёрдам беришга чақирди.

“Биз Эроннинг таҳдидига эътиборсиз қарамаслик ҳақидаги маслаҳатингизга амал қиляпмиз. Эрон биз ўзимизни мудофаа қилиш йўлидаги қатъийлигимизни паст баҳоламаслиги керак”, – деди Исроил президенти.

Вашингтондан жўнаб кетиши олдидан Жорж Буш АҚШ Яқин Шарқдаги дўстларига Эроннинг таҳдидини яна бир марта эслатиб қўймоқчи эканини, чунки Эрон ўзининг атом қуроли яратиш дастурини 2003 йилда тўхтатгани ҳақидаги АҚШ разведка хизмати ҳисоботи турлича қабул қилинганини айтди.

“Биз дуч келаётган муаммолардан бири шуки, Эрон ҳақидаги разведка ҳисоботи турли тушунчалар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Мен ўша анжуманда ўтириб берилган саволга қайтарган жавобимни уларга эслатиб қўйиш ниятидаман: Эрон таҳдид бўлиб келган, Эрон ҳозирда ҳам таҳдид ва агар уранни қандай бойитишни ўрганса, бундан кейин ҳам таҳдид бўлиб қолади”, – деди Жорж Буш.

АҚШ президенти 9 – 11 январь кунлари Исроил ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилига сафар қилади. 12 январда Қувайт ва Баҳрайнга, 13 январда Бирлашган Араб Амирликларига, 14 январда Дубайга, 15 январь куни Саудия Арабистонига ташриф буюришни режалаштирган. АҚШ президентининг Яқин Шарқ давлатларига сафари 16 январь куни Мисрга ташрифи билан якунланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG