Линклар

logo-print

Нархлар бир қадар арзонлашди

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Савдо ва иқтисодий тараққиёт вазирлиги берган маълумотларга кўра, сўнгги бир ой давомида мамлакат бозорларида ун ва ёғ маҳсулотлари нархи 30 фоиз арзонлашган.

2007 йилнинг 2-ярим йиллиги давомида бу маҳсулотлар нархи 50-60 фоизгача қимматлаб кетган эди. Тожикистон Савдо ва иқтисодий тараққиёт вазирлиги вакили Баҳром Аъзамқулов бунга сабаб бўлган икки омилни санаб ўтди.

“Мамлакатимизга ғалла ва уннинг 95 фоизи Қозоғистондан ва қолган қисми эса Россиядан импорт қилинади. Йилнинг иккинчи ярмида Қозоғистон ўзи учун ғалла захираси яратишга киришгани учун Тожикистон ва бошқа давлатларга сотиладиган ғалла ҳамда ун ҳажмини камайтирди. Бу биринчи омил. Иккинчи сабаб шуки, ун савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий тижоратчилар ўз фойдасини кўзлаб, халқ ўртасида тарқатган овозалар нархнинг сунъий равишда ошишига олиб келганди”,- деди Б.Аъзамқулов.

Унинг айтишича, айни ўша дамларда Ўзбекистонда ҳам ун ва ёғ нархи кўтарилиб кетгани сабабли қўшни давлат фуқаролари Тожикистоннинг чегараолди туманларидан бу маҳсулотларни олиб кета бошлаган эди. Бу ҳам нарх қимматлашувига сабаблардан бири эди.

Кундалик эҳтиёж маҳсулотлари баҳоси кескин кўтарилиб кетгани аҳоли ўртасида норозиликни ҳам кучайтирди. Бунинг олдини олиш мақсадида ҳукумат комиссияси тузилиб, нарх-навонинг кўтарилишига қарши чоралар кўра бошлади.

Б.Аъзамқуловнинг билдиришича, ўнлаб маҳаллий тижорачилар нарх-навони асоссиз кўтараётгани сабабли қаттиқ огоҳлантирилган. Шунингдек, Россия ва Қозоғистондан олиб келинаётган ун ҳажми ошгани сабабли нарх-наво анча барқарорлашган.

Дарҳақиқат, шу кунларда Душанбе ва Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода тумани бозорларида ун ва ёғ маҳсулотлари нархи пасайгани кузатилади. Турсунзода тумани бозорларида илгари 130 сомонийдан сотилган қозоқ уни нархи ҳозир 92-105 сомонийдир. Бундан икки ой илгари 10 сомонийдан сотилган пахта ёғи эса 7 сомонийга тушиб қолган.
XS
SM
MD
LG